Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги («Ўзбеккосмос») тизимида Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази ташкил этилади.
Агентлик Ахборот хизмати маълум қилишича, Марказ қуйидаги йўналишларда ўз фаолиятини олиб боради:
– сунъий йўлдош аппаратлари орқали Ерни масофадан зондлаш, унинг маълумотларини қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва узатиш;
– космик соҳага оид хизматларни кўрсатиш;
– космик соҳага илмий ва инновацион технологияларни кенг жалб этиш мақсадида мазкур соҳадаги илмий ва инновацион ишларни амалга ошириш;
– космик ва геоахборот технологиялари, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида иқтисодиёт тармоқлари, мудофаа ва хавфсизлик соҳалари ҳамда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашиш.
Шунингдек, Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази томонидан давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, жисмоний ва юридик шахсларга космик мониторинг, сунъий йўлдош ҳамда учувчисиз учиш аппаратлари орқали Ерни масофадан зондлаш маълумотларини тақдим этиш ва космик соҳага оид бошқа хизматлар кўрсатиш ваколатларига эга.