Болгарияда кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун турнир ўтказилади

Жорий йилнинг 28-29 май кунлари Болгариянинг Бургас шаҳрида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнир ўтказилади.

Мазкур халқаро турнир олдидан Спортни ривожлантириш вазирлигида ўтган матбуот анжуманида нуфузли турнирнинг аҳамияти хусусида сўз борди.

Анжуманда Миллий Олимпия қўмитаси қошидаги кураш бўлими бошлиғи Камол Усмонов ҳамда Ўзбекистон кураш федерасияси бўлим бошлиғи Зарнигор Юсупова Болгарияда ўтадиган нуфузли мусобақа тартиби, мақсади, иштирокчи давлатлар хусусида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Жумладан, мусобақаларнинг айнан Европа мамлакатларида ташкил этилиши миллий курашимиз қамровини халқаро миқёсда кенгайишига, шунингдек, халқимизга хос миллий урф-одатларни тарғиб қилишда ва Ватанимиз спорт салоҳиятини жаҳон спорт майдонларида янада танитишга хизмат қилади.