Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган 331-мактаб маъмурияти томонидан ўқувчиларнинг ота-оналаридан ноқонуний пул йиғиш ҳолати ҳақида расмий муносабат билдирди.
«Сўнгги вақтларда айрим ижтимоий тармоқларда Янгиҳаёт туманидаги 331-мактаб маъмурияти томонидан ўқувчиларнинг ота-оналаридан ноқонуний пул йиғиш ҳолати ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Ўрганишлар натижасида мактаб маъмурияти томонидан ҳақиқатдан ҳам, мактаб кузатув кенгаши ҳамда ота-оналарнинг ташаббуслари билан ҳар бир синфхонага камера ўрнатиш харажатлари учун пул йиғиш ҳолатлари мавжудлиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Замонавий мактаб”ларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 26 ноябрдаги ПҚ-4537-сон қарорига асосан, тасдиқланган Инвестиция дастурларига мувофиқ ҳамда бюджет маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан умумий ўрта таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш уларни тўлиқ жиҳозлаш билан биргаликда амалга оширилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 2 майдаги “Ҳомийлик тўғрисида”ги қонунига асосан, ҳомийлик (ҳомийлик фаолияти) – юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик мақсадларида бошқа юридик ва жисмоний шахсларга мол-мулкни, шу жумладан, пул маблағларини қайтармаслик шарти билан ёки имтиёзли шартларда беришда, улар учун ишлар бажаришда, уларга хизматлар кўрсатиш ва уларни бошқача шаклда қўллаб-қувватлашда ифодаланадиган ихтиёрий беғараз ёрдами (фаолияти) ҳисобланади. Ушбу қонун талабига мувофиқ бўлмаган ҳолда ҳомийликка жалб қилиш ноқонуний ҳисобланади ва ўрнатилган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
Умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг ота-оналарига мактаб маъмурияти томонидан ноқонуний пул ёки бошқа моддий қийматликлар берилишини талаб қилинган ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиш лозимлиги тушунтирилади»,- дейди туман матбуот хизмати.