Бахмал тумани ҳокимлиги, ҳуқуқни ҳимояловчи идоралар, ўзини ўзи бошқариш органлари каби давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда Бахмал туманида яшовчи фуқаролар ўртасида ушбу ҳудудда содир бўлган қотиллик жиноятлари муҳокама қилинди.
Жиззах вилоят ИИБ Ахборот хизматидан маълум қилинишича, жорий йилнинг ўтган даврида Бахмал туманида бир нечта оғир турдаги жиноятлар содир этилган. Хусусан, 13 май куни туманнинг Гулбулоқ маҳалла фуқаролар йиғинидаги Қорабчи қишлоғида яшовчи, 1986 йилда Бахмал туманида туғилган фуқаро яшаш хонадонида турмуш ўртоғи билан рашк сабаб жанжаллашган. Бундан хабар топган эр-хотиннинг қариндошлари келишмовчиликка аралашадилар. Юз берган муштлашув давомида эркакнинг отасига келиннинг укаси теша билан оғир тан жароҳати етказади. Жабрланувчи қишлоқ врачлик пунктида кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан ҳаётдан кўз юмган. Ўз навбатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир этган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси орқали жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Жорий йилнинг 17 май куни эса Бахмал тумани Бунёдкор маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи шахс шу маҳаллада яшовчи акасининг турмуш ўртоғига хўжалик пичоғи билан тан жароҳати етказган. Аёл зудлик билан шифохонага ётқизилган, аммо кўрсатилган муолажаларга қарамасдан у вафот этган. Бахмал тумани суд тиббий экспертиза бўлимининг хулосасига кўра, аёлнинг ўлимига кўкрак қафасига санчилиб, кесиб кирувчи жароҳат, юрак ва ўпка тўқимасининг шикастланиши оқибатида ички қон кетиш сабаб бўлган. Кўп ўтмай қайинука қўлга олинган ва ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.