“Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–259-сон, 25.05.2022 й.) қабул қилинди.
Қарор билан Этноспорт турларини 2025 йилгача оммалаштириш ва ривожлантириш дастури ҳамда уни 2022–2023 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
Шунга кўра, 2023 йил 1 мартдан ҳар йили этноспорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилади.
2023 йилдан анъанавий тарзда:
• Тошкент шаҳрида ҳар йили бир маротаба этноспорт турлари бўйича “Uzbekistan Ethno Games” республика фестивали;
• Хива шаҳрида ҳар икки йилда бир маротаба Халқаро этноспорт фестивали ташкил қилинади.
2022/2023 ўқув йилидан Республика эстрада цирк коллежида полвонлик ва дорбозлик санъати йўналишида ўрта бўғин кадрлари тайёрланади.
2023 йилдан ҳар икки йилда бир маротаба полвонлар ва дорбозлар иштирокида “Полвонлар сулоласи” кўрик-танлови ўтказилади.
Шунингдек, ЮНЕСКО ташкилотидан номоддий маданий мерос мақоми олиниши мумкин бўлган этноспорт турлари рўйхати шакллантирилади.
2023 йил 1 январгача ҳар бир ҳудудда от спорти турларига тегишли анжомлар савдосини йўлга қўйиш мақсадида дўконлар ташкил этилади.