Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида камар масаласи бўйича одамлар йиғилаётгани ҳолати акс этган видеохабарлар тарқалди. Мазкур ҳодиса юзасидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати расмий муносабат билдирди.
Жорий йилнинг 26 май куни соат тахминан 14:00лар чамасида Қарши шаҳар, Ислом Каримов кўчасида жойлашаган Транспорт коллежи рўпарасида, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи такси ҳайдовчилари томонидан норозилик билдирилиб, хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига амал қилмасдан содир этган қоидабузарликларини бекор қилишни сўраб масъулларга мурожаат билан чиқишган.
Маълумот ўрнида, 2022 йил 14 май куни Ислом Каримов кўчасида “Lochin ko’z-Q” дастури асосида камералар ўрнатилиб ушбу камералар орқали хавфсизлик камари қоидабузарликларини аниқлаш ишга туширилганлиги тўғрисида Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг расмий саҳифаси ҳамда бошқа ижтимоий тармоқлар орқали маълумот берилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. “Барча йўл ҳаракати иштирокчиларидан амалдаги Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишларини сўраб қоламиз”, дейилади хабарда.