АҚШдан Қорақалпоғистонга инсонпарварлик юклари жўнатилди

“Дунё АА хабар беришича АҚШда жойлашган “Projest S.U.R.E.” хайрия ташкилоти Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси кўмагида Қорақалпоғистонга 16,8 тоннали инсонпарварлик юкларини жўнатди.

Тиббий жиҳозлардан иборат инсонпарварлик юклари июн ойида Қорақалпоғистонга етиб келади ва соғлиқни сақлаш ташкилотларига топширилади.

Элчи Жавлон Ваҳобов томонидан лойиҳа президенти Дуглос Жексон билан 3 миллион долларлик тиббий асбоб-ускуналарини етказиб бериш бўйича илгари эришилган келишувлар доирасида Оролбўйи минтақасидаги тиббий жихозларга энг кўп эҳтиёж сезаётган 24 та тиббиёт муассасалари рўйхати шакллантирилган.

“Projest S.U.R.E.” хайрия ташкилотининг халқаро ҳукуматлар билан ишлаш бўйича президенти Мелиса Эпостининг айтишича, тўртта контейнер АҚШдан Европага денгиз орқали жўнатилди. Америка томонининг сўзларига кўра, юклар дастлаб Грузияга олиб борилади, шундан сўнг қуруқлик орқали Нукус шаҳрига етказилади.

Элчихона маълумотларига кўра, тўртта контейнердан УЗИ аппарати ва ускуналари, вентиляторлар, кислород концентраторлари, рентген сканерлари, янги туғилган чақалоқлар учун интенсив терапия инкубаторлари, дефибрилаторлар, лаборатория мосламалари, кислород баллонлари, беморларни ташишга мўлжалланган аравачалар, нафас олдириш аппарати, жарроҳлик столлари учун тўшамалар ва бошқа тиббий буюмлар ўрин олган.

2021-йил май ойида Қорақалпоғистон шошилинч тиббий ёрдам марказлари “Projest S.U.R.E.” лойиҳаси доирасидаги дастлабки иккита контейнердан иборат инсонпарварлик кўмагини қабул қилиб олган эди.