“…тўрт мучаси соғ бўлган инсонларни бекор ўтиришини кўрсам, жаҳлим чиқиб кетади”

Сирдарёлик Зумрад Исомиддинова 46 ёшда, уч фарзанднинг онаси. 25 йилдан буён пиллачилик билан шуғулланиб, ўз меҳнати орқасидан халқ орасида ҳурмат-эътибор қозониб келмоқда. II гуруҳ ногирони бўлишига қарамасдан, Зумрад опа 2020 йилда 10 қути пилла парваришлаб, 690 кг ҳосил олишга эришган. Орадан бир йил ўтиб, 15 қути ипак қурти билан 860 кг пилла етиштирган. 2022 йилда эса 20 қути ипак қуртини парваришлаб келмоқда. Қаҳрамонимизнинг ҳикоясини эса ўзидан эшитганимиз мақсадга мувофиқ.

— Сирдарё вилояти, Оқолтин туманиданман. Оилада тўққиз фарзанднинг учинчисиман. Ёшим 46 да, уч фарзандим, икки келиним, уч неварам бор. 25 йилдан бери пилла боқаман. Ўзим II гуруҳ ногирониман, пенсионерман. Бундан ташқари, бўш вақтларимда сават ҳам тўқийман. Бунга ҳам харидорлар етарлича. Шундай экан, ўзимни ҳеч қачон ногирон деб ҳисобламайман. Очиғини айтсам, тўрт мучаси соғ бўлган инсонларни бекор ўтиришини кўрсам, жаҳлим чиқиб кетади. Чунки вақт бизга қайтиб берилмайдиган нарса. Шунинг учун ҳар бир фурсатдан унумли фойдаланиб, кўпроқ ва фойдалироқ бўлган ишларни қилишга ҳаракат қиламан. Мисол учун, илгари бир хонали уйда яшардик, мана шу пиллани орқасидан ҳозир катта ҳовли қилдик, турмуш ўртоғим билан бирга болаларимизнинг тўйларини қилдик, уларни уйли-жойли қилдик. Худога шукур, ҳозир ҳаммаси яхши. Нимагаки эришсак, меҳнатимиз, ўз кучимиз билан эришиб келяпмиз, дейди суҳбатдошимиз.

Пиллакорлар учун, шахсан сиз учун яна қандай шароит ва имкониятлар яратилишини хоҳлайсиз, деб сўраганимизда Зумрад опа шундай жавоб берди:

— 25 йилдан бери пилла боқсам, ҳар йили жой масаласида муаммога дуч келаман, ўзимни уйимга сиғмаганидан бошқалардан, қўни- қўшни, қариндошлардан илтимос қилиб, жой қидираман.

Агар юртимизда пилла боқиш учун махсус пиллахоналар қурилса, бу нафақат мен учун ҳам, балки, бошқа соҳадошларим учун ҳам яхши бўлади, деб ўйлайман.

Ҳали олдимга қўйган режаларим, мақсадларим кўп. Ҳаётдан тўсатдан келаётган зарбаларга мағлуб бўлмаслик учун ҳам инсон сабрли бўлиш керак. Бу йил интиқлик билан кутаётган нарсам қизимни талаба бўлишини кўриш. Чунки ота-она учун дунёда фарзандини бахтини кўришдан-да, қувончли нарса йўқ.

Ўз меҳнатим билан ишлаб топганларим орқасидан келажакда машина олиш ниятидаман. Худо хоҳласа, бу кунларга ҳам эришиб қолармиз. Энг муҳими, ниятни тўғри қилиш керак.
Нима бўлган тақдирда ҳам, инсон тақдирига рози бўлиш керак. Уни янада яхшилаш ҳам ўзининг ҳаракатига ва меҳнатига боғлиқ.

Ҳаётимда қийин вазиятлар ҳам, бахтли кунлар ҳам бўлган. Ҳалигача ҳаяжон билан эслайдиган куним бу Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2015 йил 26-августдаги фармонига мувофиқ менга “ЖАСОРАТ” медали билан берилгани эди. Мен буни қилган кичик меҳнатларимнинг самараси деб билиш билан бирга бу янада кўпроқ масъулият юклашини ҳам ҳис этаман, – дея ҳикоясини тугатдилар қаҳрамонимиз.

Бундай инсонлар том маънода замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонларидир. Бир сўз билан айтганда имконияти чекланган бўлса-да, ўз меҳнати билан жамиятга фойда келтираётган, бошқаларга ибрат бўлаётганларнинг меҳнати ҳамиша эътироф ва эътиборга муносибдир. Биз ҳам Зумрад опанинг кейинги фаолиятига омад тилаб, бу йилги пилла ҳосили ҳам кутилганидек мўл-кўл бўлишини чин дилдан сўраб қоламиз.

Ogoh.uz мухбири Лайло Эсанмуродова суҳбатлашди