Самарқанддаги маҳаллаларнинг бирида қурилган кўп қаватли бино тасвирлари ижтимоий тармоқларда тарқалиб муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Қурилиш вазирлиги бино қурилишга рухсат берувчи шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилмасдан амалга оширилганини маълум қилди.
Баён қилинишича, ушбу бино Самарқанд вилояти Самарқанд тумани “Жойи сой” маҳалласида жойлашган бўлиб, фуқаро Ф.Х. ўз уйининг бир қисмини бузиб, жойидан 21,4х12,6 метр ўлчамдаги 11 қаватли, 2 қават ертўлали меҳмонхона қурган.Ушбу бино белгиланган тартибда шаҳарсозлик кенгашидан ўтмаган. Қурилишга рухсат берувчи Самарқанд тумани ҳокимининг қарори ёки туман қурилиш бўлимининг рухсатномаси, архитектура режалаштириш топшириғи мавжуд эмас.
Бундан ташқари, меҳмонхона мажмуаси обекти бош режасини натурага кўчириш далолатномаси расмийлаштирилмаган. Муҳандислик геологияси, лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган ҳамда тасдиқланмаган. Қурилиш обектида фойдаланилган қурилиш материалларининг талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги паспорт ва сертификатлари тақдим этилмаган.
Юқоридаги камчиликлар мавжуд бўлса-да, қурилишга рухсат берувчи бошланғич шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ҳолда қурилиш-монтаж ишлари конструкциялар битгандан сўнг “Констант проект” МЧЖ томонидан лойиҳа ҳужжатлари тўлиқсиз ишлаб чиқилган.Қурилиш давомида ҳудудий инспекция ходимлари томонидан бир неча бор қурилишни тўхтатиш бўйича кўрсатмалар берилган бўлса-да, уни ўзбошимчалик билан давом эттирилган.
Меҳмонхона қурилиши обекти бўйича махсус лицензияга эга “СВП Маскан” МЧЖ мутахассислари томонидан 2016-йилда бинонинг техник ҳолати ўрганилиб, ригел ва темир бетон рамаларни кучайтириш учун лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиш бўйича хулоса берилган.
Ушбу кучайтириш бўйича тегишли лойиҳа ишлаб чиқилмаган ва экспертиза органларининг ижобий хулосаси олинмаган.
“Ўзоғирсаноатлойиҳа” АЖ ва ҳудудий инспекция ходимлари томонидан 2022 йил 6 май куни бинонинг сейсмик ҳолати ўрганиб чиқилиб, “Ўзоғирсаноатлойиҳа” АЖнинг хулосасига асосан бинонинг КМК, ШНК талабларига жавоб бермаслиги ва колонналарнинг айрим жойлари дарз кетгани ўз тасдиғини топган ҳамда бинони бузиш бўйича хулоса берилган.