Тафаккур вақти: БЕФОЙДА ЖАНЖАЛ

Бир киши тўрт одамга маълум миқдорда пул ҳадя қилди ва:
— Бунга бирор нарса сотиб олиб, қоринларингни туйдиринглар, — деди. Улар пулни олиб, нима харид қилиш ҳақида баҳслаша кетишди. Улардан бири эронлик эди, у:

— Мен бу пулга ангур оламан, — деди.
Иккинчиси араб эди, у эса:

— Йўқ, мен инаб ейишни ҳоҳлайман, бу пулга инаб оламиз, — деди.
Одамларнинг учинчиси турк эди, у:

— Айтган нарсаларинг керак эмас, мен узум олмокчиман, — деб баҳсни қизитди.
Тўртинчи шериклари румлик эди, унинг сўзи бундай бўлди:

— Бемаъни тортишувни бас қилинглар, мен истафил олмокчиман, — деди. Олдин уларнинг овозлари кутарилди, кейин чинакамига жанжал бошланди. Ниҳоят, ҳаммасининг тилини тушунадиган бир киши жанжални кўриб, уларни тўхтатди ва ҳар бирини алоҳида эшитиб кўрди. Кейин:

— Ҳар бирингизнинг сўзингиз жанжал ва ноаҳилликка йўл очади. Менга қулоқ солсанглар, жанжал ўрнига осон келишиб оласизлар, — деди ва ҳаммасини баққол дўконига бошлаб борди. У ерда сотилаётган узумни кўрсатиб, ҳар биридан айрича:

— Сен шуни ҳоҳлаётганимдинг? — деб сўраб чиқди. Билишса, тўртовлари ҳам айнан узум сотиб олишни исташаётган экан.

«Маснавийи маънавий»дан