ПИЛЛА — 2022: Бешариқ тумани пилла режасини бажарди

Бугун Фарғона вилояти Бешариқ тумани пиллакорлари мавсум режасини бажариб, давлатга 201,4 тонна ҳўл пилла топширди. Туманда пилла байрами ташкил этилди. Тадбирга Фарғона вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров, ҳокимнинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Алибек Турсунов, Бешариқ тумани ҳокими Расулжон Жўраев, Фарғона вилоят ҳудудий “Агропилла” МЧЖ раҳбари Мақсуджон Қосимов ҳамда сектор раҳбарлари ташриф буюриб, илғор пиллакорлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Туманда фермер хўжаликлари ҳамда касаначиларга 24 та ипак қурти уруғини жонлантириш инкубаториялари орқали тарқатилган 3530 қути ипак қурти зооветеринария қоидалари асосида парвариш қилинди.

Туман бўйлаб 3530 та оила билан бир қутидан ипак қурти парваришлаш бўйича ички шартномалар тузилган бўлиб, қурт боқиш жараёнида жами 6000 дан зиёд мавсумий иш ўрни яратилди.

Бешариқ пиллакорлари ҳар қутидан ўртача 58 килограммдан пилла ҳосили етиштирилиб, пилла етиштириш режасини 101,4 фоизга бажардилар. Илҳомжон Аҳмедов, Бахтиёр Шерназаров каби кўплаб илғор касаначилар бир қути уруғдан 70 кг гача пилла етиштирдилар.