Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг бугун бўлиб ўтган йиғилишида битта қонун лойиҳаси кун тартибидан чиқариб ташланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати хабар берди.
Қонун лойиҳасида охирги вақтларда кенг жамоатчилик томонидан фаол муҳокама қилинаётган йўл ҳаракати ходимларини видео ва фототасвирга олиб тарқатиш масаласида ҳам катта миқдорда жарима белгиланиши кўзда тутилган.
Унга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини улар ўз хизмат бурчларини, яъни жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ хизмат вазифаларини бажариш чоғида олинган фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш ёки хақорат қилиш мақсадида ижтимоий тармоққа жойлаштириш БҲМнинг эллик баравари миқдорда жарима ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.
Мамлакатдаги катта ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар очиқлик, ошкоралик, халқ олдида ҳисобдорлик, жамоатчилик назоратини кучайтиришга асосланаётган даврда ҳуқуқ-тартибот ходимларининг фаолияти фото ва видео тасвирларга олиниши чекланиши нотўғри ёндашув экани айтилди.
Юқоридаги омилларга асосан қонун лойиҳасини фракция мажлисида кўриб чиқиш рад этилди.