Адлия вазирлиги томонидан Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси билан қуйидагилар назарда тутилмоқда:
– Кодекс лойиҳаси билан яхлит 9 та амалдаги қонун, 2 та янги қонун лойиҳалари ва 10 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари бирлаштирилиб тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишдан бошлаб уни тугатишгача бўлган барча жараёнларни тартибга солишга қаратилган;
– илғор хорижий давлатлар тажрибасига асосан, тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда;
– тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шакллари базаси ихчамлаштирилиб, тадбиркорлар ичида оммабоп бўлмаган “хўжалик ширкати” ташкилий-ҳуқуқий шакли бекор қилинмоқда;
– якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлмаган фаолият турларини белгилаган ҳолда уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда;
– тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг чегаралари ҳамда тартибга солиш шакллари белгиланмоқда;
– 43 та давлат органининг 146 та назорат функциялари ва Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган 18 турдаги текширувлар рўйхатлари мазкур Кодексга илова сифатида тасдиқланмоқда. Бунда рўйхатга киритилмаган барча текширувлар Бизнес-омбудсман билан келишилган тартибда амалга оширилиши белгиланмоқда;
– давлат назоратининг 4 та шакли белгиланиб, шундан фақат маълумотларни таҳлил қилиш ва текширувда аниқланган қоидабузарликлар юзасидан тадбиркорга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши белгиланмоқда. Бунда:
• молиявий санкциялар суд томонидан қўлланилади (бундан солиққа тортиш ва банк соҳаларидаги санкциялар мустасно);
• бир хил турдаги ҳуқуқбузарлик учун тадбиркорлик субъектига молиявий санкция ва унинг мансабдор шахсига маъмурий жавобгарлик назарда тутилган ҳолларда, фақат молиявий санкция қўлланилади;
• биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ушбу қонунбузилишни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмани бажарган, шунингдек, етказилган зарарни қоплаган тақдирда, уларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилмайди;
– барча талабларни ўз ичига олган Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар реестри ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзларнинг ягона реестрини шакллантириш ва ошкор этиш назарда тутилмоқда. Бунда Мажбурий талаблар реестрига киритилмаган талаблар бўйича жавобгарлик белгилаш тақиқланмоқда;
– қўшимча мажбуриятларни юклашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қабул қилингандан кейин бир йил давомида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тақиқланади (енгиллаштирувчи нормалардан ташқари);
– тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат субсидияларини жорий этишнинг қуйидаги тартиби белгиланмоқда:
• субсидия Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан жорий этилади, тартиб-таомиллари – Ҳукумат томонидан белгиланади;
• субсидияларнинг асосий йўналишлари белгиланади ва улар “ягона дарча” принципи асосида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ажратилади;
– Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банкининг таклифлари ва халқаро стандартларга (IWA 34:2021 – Women’s entrepreneurship) мувофиқ аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш тизими (алоҳида дастурлар асосида) жорий этилмоқда;
– ижтимоий тадбиркорлик, ижтимоий корхона, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари рўйхати ва уларни, жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг механизмлари белгиланмоқда;
бизнес-инкубаторларнинг ҳуқуқий мақоми, мақсад ва вазифалари белгиланмоқда;
давлат корхоналарига рақобатни чекловчи тўғридан-тўғри солиқ, божхона ва бошқа турдаги имтиёз ва преференсиялар бериш тақиқланмоқда.
Тадбиркорлик кодексининг қабул қилиниши тарқоқ ҳолда бўлган қонунчилик ҳужжатларини ягона ҳужжатга бирлаштириш, тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини барқарорлаштириш, давлатнинг тадбиркорлик соҳасига аралашувини камайтириш, шунингдек тадбиркорлик ҳуқуқи соҳасида ягона ёндашувни белгилашга хизмат қилади.
Кодекс лойиҳасини ишлаб чиқишда мазкур соҳада илғор тажрибага эга бўлган хорижий давлатларнинг (АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франсия, Эстония, Жанубий Корея, Туркия, Россия, Қозоғистон, Украина, Озарбайжон ва бошқалар) амалиёти ўрганилган.
Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилган