Тожикистон президенти Ўзбекистонга ташриф буюради

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда «Asia-Plus» нашри Тожикистон президенти матбуот хизматига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Тожикистон президенти жорий йилнинг 2-3 июн кунлари Тошкентга ташриф буюради.Ташриф доирасида икки давлат раҳбарларининг расмий учрашувлари режалаштирилган, бунинг натижасида бир қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Бўлажак учрашувлар кун тартибидан мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ўрин олган.

Бўлажак олий даражадаги учрашувлар олдидан эълон қилинган Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзоданинг мақоласида қайд этилишича, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг Тошкентга ташрифи доирасида ишбилармонлик учрашувлари, сармоявий форум, минтақавий илмий-амалий анжуман ва қатор маданий тадбирлар ҳам режалаштирилган.

Маълумотларга кўра иккала давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан 114 миллион долларга ошиб, 447.8 миллион долларни ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига расмий ташрифи 2018 йилда бўлиб ўтган эди.