Туркманистоннинг собиқ президенти, мамлакат парламенти юқори палатаси раиси Гурбангули Бердимуҳамедов қурилаётган янги шаҳар хиёбонларидан бирига ўзининг севимли Оқхон оти шарафига ном беришни таклиф қилди.
Спикер бу таклифни 29 май куни Ахал вилоятининг бўлажак маъмурий маркази қурилишига келганида билдирган. У ерда мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг шаҳарда Оқхон ҳайкалини ўрнатиш таклифи муҳокама қилинган. Шундан сўнг Гурбангули Бердимуҳамедов ҳайкал ўрнатиладиган хиёбонга Оқхон шарафига ном беришни таклиф қилган. Йиғилиш иштирокчилари бу таклифни қўллаб-қувватлаган.
Маълумот ўрнида, Оқхон Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан шахсан тарбияланган афсонавий отдир. 2018 йилда у икки оёқда 10 метр масофани 4,19 сонияда босиб ўтиб, рекорд ўратган. Ушбу ютуқ Гиннес рекордлар китобига киритилган.