Бадавлат бир йигит ўзининг янги харид қилиб олган чет эл машинасида завқ билан мусиқа тинглаб елдек учиб борарди. Бироқ йўл четида ўтирган болаларни кўрди-да машинасини секинлаштириб ўтиб, яна тезликни оширмоқчи эди ҳамки, шу вақт машинасига бир тош келиб урилди.
Машинани тўхтатган йигит жаҳл билан машинадан тушди-да, тош отган болакайни ёқасидан олиб силтаб бақира бошлади:
– Аҳмоқ бола! Қайси калланг билан машинамга тош отдинг?! Биласанми, бу машина қанча туришини?
Шунда болакай кўзида ёши билан қалтироқ овозда деди:
– Узр, амаки. Мен сизга ва машинангизга ёмон ниятда тош отмадим. Мени кечиринг. Ойижоним ногиронлар аравасидан йиқилиб тушди. Ойижонимни кўтариб, аравага ўтказишга кучим етмади. Бир неча соатдан буён ўтган машиналардан ёрдам сўрадим, аммо ҳеч ким тўхтамади ҳам, аҳамият ҳам беришмади. Кейин мажбур бўлдим шундай йўл тутишга. Бўлмаса сиз ҳам тўхтамас эдингиз…
Йигит ногирон онаизорни аравасига ўтказар экан, томоғига заҳарли тош тиқилиб, кўзларидан беихтиёр ёшлари шашқатор оқар эди.
Йигит шу машинасида бир неча йил юрди. Ҳар сафар машинани таъмирлаш учун берганида ўша тошдан қолган изни асло таъмирлатмасди. Сабаби ўша тош изи унга одамийлик ҳақида сабоқ берган эди.
Агар биз атрофимиздагиларнинг унсиз, фарёдсиз қалб оғриқларини ҳис қилмасак, бизга ҳам тош отилиши муқаррар…