Уч ёшида оёқларидан айрилган, аммо умидсизликка тушмаган юртдошимиз ҳаёти ҳақида

Инсоният бахт тасвирини чизар экан бу чизмага бош тасвир этиб тўрт мучаси соғлигини ифода этади. Бу ифодалаш унинг ҳаётда ўзини топиб , ўз ўрнига эга бўлган онларидагина пайдо бўлмайди, балки болалик чоғларидан сингдирилиб борилади. Аммо ақлини таниганида танасида бир нуқсон борлигини англаган , бу нуқсон уни бошқалардан ажратиб туришини билган гўдакчи? У учун бахт нима? Бахт қаерда? У қайси умид қайси орзу билан нафас оляпти. У келажагини нимада кўради?

Андижон вилоятининг Марҳамат туманида яшовчи Абдувалиев Ҳошимжон ака уч ёшида танасига оғир шикаст етиши натижасида оёқларидан айрилган. 1970- йилда содир бўлган бу воқеага енгил изоҳ берар экан қаҳрамонимиз: ” Мен учун бахт шу эди. Яъни мен учун аталгани. Битилажагидан қочиб бўлмайди, берганидан нолиб ҳам. Менга бахтни шу орқали берилишини билганман, шундай англаганман…” – дейди.

1988 йилллари хулоса қилишга арзигулик бир кичик воқеа сабаб ижодкор дунёсига кириб келган шоирнинг илк шеъри шундай бошланган эди:

Жон сўрасанг бу Тангримдан бут жон сўра онажон,
Қийналма ҳеч зоримдан иймон сўра онажон…

Шеърият деган бепаён оламга аввалига шунчаки саёҳатчи сифатида ташриф буюрган сайёҳ ижод саҳнида яхши кутиб олиниб мезбонлик шарафини ҳам ҳимоят этмоқда. Унинг шеърлари матбуотда ёритилиб , ” Ярим кўнгил ноласи” номли алманахга ҳам киритилди. Бир неча бастакорлар томонидан басталаниб қўшиқ қилиб куйланди. Шоирнинг истиқболли шеърлари мустақил китоб ҳолига келтирилиши арафасида.

Ҳаётда фақатгина ҳаракат, ҳаракат, ва яна ҳаракат, муҳими тўхтаб қолмаслик деган шиор билан одимлаётган Ҳошимжон аканинг қўлидан электр теҳникаларини маромида созлаш ҳам келади.

” Шифокор бўламан дердим , бир жиҳатдан етдим орзуимга. Теҳникалар шифокори бўлдимку ” – деб мийиғида кулиб қўйди.

Бундан ташқари хонадонидаги кичик томорқадан унумли фойдаланиб турли дарахт кўчатларини улаб кўкартиради. Помидор, бодринг бошқа- бошқа маҳсулотларни етиштириб оила дастурхонига иноят этади. Унинг ҳаракатларида аёли ва қизи ҳам кўмаклашиб қўлдан келганча қарашади. Бу ризқ бу ҳунарлари ортидан келувчи неъмат нафақат ўз оиласининг, қўни- қўшни , қариндош- уруғларининг ҳам оғирини енгил қила олади.

Оилада ёлғиз ўғил фарзанд бўлган Ҳошимжон ака бугунги кунга келиб бир нафар қиз фарзандни тарбиялаяпти.

2000 йил 15 январда Асакадан қаҳрамонимиз хонадонига келин тушди. Совчилар орқали танишган бу икки жуфтлик бир- бирига маъқул келиб, турмуш қурдилар. 1970 йилда туғилган Ҳаётхон Абдувалиева билан қурилган оила 2003 йил дунё юзини кўрган Ҳосилахон Ваҳобова билан янада тўкис янада фаравондир.

” Эришганларим ичида ҳеч бирига алишмайдиганим , такрор такрор шукронасида дуодалигим бу қизим – Ҳосилахон . Менинг давомчим , кутганларимнинг ҳосиласини бериши учун исмини ҳам Ҳосилахон қўйдим дея фарзанд неъматининг олий даражадаги унвон эканлигини айтиб ўтди суҳбат давомида Ҳошимжон ака. Ҳозирда Самарқанд Давлат чет тиллари институти 1- босқич талабаси Ҳосиланинг ҳам биринчи галдаги мақсади имконияти чекланган ота- онасининг дардига дармон ахтариб натижасига эришиш, берган ҳалол тарбияси , оқ ювиб оқ тараб , ҳеч кимдан кам қилмай вояга етказганлик ҳаққини адо этиш, фарзандлик бурчини ортиғи билан бажариш экан.

Мумтозбегим Сайфиддинова