“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 32-моддасига асосан лицензия талаблари ва шартлари бузилиши аниқланганлиги сабабли, “SEMURG SUG‘URTA” АЖ ҚКнинг 2022 йил 25 февралдаги SF 00039-сонли, “ISHONCH SUG‘URTA KOMPANIYASI” АЖ ҚКнинг 2022 йил 25 февралдаги SF 00045-сонли, “KAFOLAT sug‘urta kompaniyasi” АЖнинг 2017 йил 11 декабрдаги SF 00222-сонли ҳамда “XALQ SUG‘URTA” АЖнинг 2022 йил 25 февралдаги SF 00054-сонли лицензияларининг амал қилиш муддати 2022 йил 03 июнь санасидан бошлаб ўн кун муддатга тўхтатилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати хабар берди
Ушбу давр мобайнида суғурталовчига янги суғурта (қайта суғурта) шартномаларини тузиш, шу жумладан амалдаги суғурта (қайта суғурта) шартномаларини узайтириш тақиқланади. Илгари тузилган суғурта (қайта суғурта) шартномалари бўйича эса ўз зиммасига олган мажбуриятларини белгиланган тартибда бажариши шарт.
Суғурта ташкилотлари томонидан улар фаолиятидаги қонунчилик талабларининг бузилиши ҳолатлари бартараф этилганлигини асословчи ҳужжатларларни ушбу 10 кун ичида Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигига тақдим этиши лозим. Акс ҳолда ушбу муддат 10 кундан ортиқроқ, аммо 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга чўзилиши мумкин.