Умр – бир лаҳзалик йўл. Ҳар бир инсон йўловчи. Туғилиш умр йўлининг бошланғич нуқтаси бўлса, ўлим унинг сўнгги нуқтаси. Ҳаёт яхши-ёмон кунлардан иборат, бизга берилган умр эса ана шу лаҳзалар сарҳисоби. Кимдир ҳаёт ташвишлари, қийинчиликлари билан мардона курашиб, умр аталмиш омонатга хиёнат қилмаётган бўлса, бошқа биров эса…
Сўнгги вақтларда нафақат хориж ўлкаларида, балки Ўзбекистонда ҳам ёшларнинг ўзини осиб қўйгани, кўп қаватли бинолардан ташлаб, жонига қасд қилаётгани ҳақидаги хабарлар қулоғимизга бот-бот чалинмоқда.
Тошкент, Қашқадарё, Самарқанд, Фарғона вилоятларида ҳам шундай ҳолатлар қайд этилди.Ўз жонига қасд қилганларнинг айримлари омон қолган бўлса, бошқалари улуғ неъматлардан бири тирикликдан мосуво бўлди.
Биргина Қашқадарё вилоятида яқин бир йил ичида 3 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати кузатилган. Техникумнинг 2-курс талабаси ётоқхона деразасидан ўзини ташлаб юборган ва воқеа жойда вафот этгани, мактабнинг 11-синф ўқувчиси уйининг орқасидаги оғилхонада арқон ёрдамида ўз жонига қасд қилгани…
Ўйлаб қоласан киши, ўз жонига қасд қилишдек жиноятни қилишга ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини таътиб улгурмаган ёшгина жонларни нима мажбур қилди экан? Динсизлик, маърифатсизлик, йўқчилик, тўқчилик, ўз жонига қасд қилишни муммонинг ечими сифатида кўриш…
Кейинги пайтларда интернет саҳифаларида пайдо бўлган «1хбет» деган ўйин ҳам айнан шунинг далилидир.Биргина шу ўйин сабабли қанчадан — қанча ёшлар ўз жонига қасд қилди. Афсуски бизнинг юртимизда ҳам мазкур ўйин домига тушиб ўз жонига қасд қилганлар йўқ эмас.
Тошкентда 27 ёшли йигит онлайн қимор сабаб ўзини осиб ўлдиргани эсингиздадир. Шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳам фарзандни болалигиданоқ нафақат дунёвий, балки диний илмларнинг ҳам билимдони қилиб тарбиялаш керак.
Нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳон миқёсида ҳам ушбу муаммо энг оғриқлидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг хабар беришича, дунёда ҳар 40 сонияда 1 киши ўз жонига қасд қилар экан. Республика бўйича ўртача 100 минг кишига 11, 3 ўз жонига қасд қилиш тўғри келар экан.Эътиборли томони, суиқасд ҳолатлари аҳоли яшаш даражаси паст мамлакатларда кўпроқ кузатилади.Ўз жонига қасд қилганларнинг асосий қисми 14-19 ёшдаги ўспиринлар ҳиссасига тўғри келади.
Ўз жонига қасд қилишнинг энг паст даражаси Ислом динини қабул қилган мамлакатлар (Саудия Арабистони, БАА, Қувайт, Баҳрайн ва бошқалар), Жанубий Европа мамлакатлари (Италия, Испания, Грецияда) кузатилади.
Шарқий Европа (Россия, Украина, Беларус, Болтиқбўйидан давлатлари), шунингдек, Марказий Европа мамлакатларида (Германия, Швейсария,Австралияда) ўз жонига қасд қилиш юқори даражада учрайди.
Ўзбекистон эса ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичи бўйича жаҳонда 104-ўринда туради, аниқроқ қилиб айтганда, ҳар 100 минг кишидан 9таси бу ишга қўл уради.
Шаҳнозабону Ражабова,
ЎзДЖТУ талабаси