Электр энергияси тарифларининг ўзгариши мавзуси бугунги кунда муҳокамалар марказида турибди.Негаки, энергия истеъмоли инсониятнинг мавжудлиги учун зарурий шартдир. Шундай экан биз учун одатий бўлиб қолган маиший қулайликлар хавф остида қолиши бизни ниҳоятда ташвишлантиради.
Янги энергетика ислоҳотида бизни қандай ўзгаришлар кутмоқда?
1 июлдан электр энергия ва газ истеъмоли учун нархларни «ижтимоий норма» асосида белгилаш кутилмоқда. Муҳокамага эълон қилинган ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, амалдаги нархлар ошади. Шунингдек, белгиланган нормадан кўпроқ ишлатганлар ҳар бир қўшимча кВт соат электр энергия учун — 2 баравар, ҳар бир қўшимча куб метр газ учун эса — 5 баравар миқдорида тўлов қилади.
Яъни:
Аҳоли учун 1 кВт соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт соатгача – 325 сўм (ҳозирда 295 сўм), 250 кВт соатдан юқори ҳар 1 кВт соат учун – 650 сўм;
Табиий газ бўйича:
Аҳоли учун 1 куб м табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача – 410 сўм (ҳозирда 380 сўм), 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун –1 200 сўм, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача – 410 сўм, 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 200 сўм этиб белгиланди.
Маълум қилинишича, аксарият оилаларда ошган нархлардаги қўшимча тўлов миқдори бир ойга электр учун 7,5 минг сўмгача, табиий газ учун иссиқ ойларда 6 минг сўмгача, иситиш мавсумида 21 минг сўмгача бўлади.
Шу ўринда ҳақли савол тиғилади. Бир ойга 250 кВт электр-энергияси етадими?!
Ҳукумат ўрганишларига кўра, Ўзбекистонда электр — энергияси истеъмол қилувчи жами 7,3 млн абонент бор ва уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт соатгача электр энергиясини истеъмол қилади. Лекин, мазкур хонадонларнинг ҳиссасига аҳоли истеъмол қиладиган жами электр энергиясининг бор-йўғи 31 фоизи (5,7 млрд кВт с) тўғри келади.
Шунингдек, табиий газ истеъмол қилувчи жами 4 млн абонент мавжуд. Бу хонадонларнинг 85 фоизи ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. Лекин, уларнинг ҳиссасига аҳоли жами истеъмолининг 35 фоизи (4,5 млрд куб м) тўғри келади.
Аммо…
Қоғозлардан бош кўтариб, реал вазиятга юзланадиган бўлсак:
“ Бир ойга 250 кВт соат бу шунчаки мантиқсизлик. Масалан, менинг қишда иситиш тизимим электр энергияси билан боғлиқ. Газ бўлмаганидан кейин бошқа чорамиз борми? Оддий иситиш печи соатига 2 кВТ энергия истеъмол қилади, бу дегани кунига 24 кВт соат. Уни 30 кунга кўпайтирсак 720 кВт соат дегани. Бундан ташқари ёритиш, теливизор, дазмол, ва ҳокоза маиший техникалар учун 200 кВт соат кетса, бу дегани жами 920 кВт соат. 90 фоиз аҳоли эски ва кўп энергия талаб қиладиган маиший техника ишлатади… Бу қарор халқнинг терисини шилишнинг янгича усули бўлса керак”, — дейди мурожаатчимиз.
Белгиланган ижтимоий норма талаб даражасида эмаслиги кундай равшан бўлди. Хўш, кейинги савол.
Нархларнин оширишдан мақсад кимга, ёки нимага?
“Бирорта инсонга электр энергия нархининг ошиши ёқмайди. Бу – энергетика тизимини соғломлаштириш учун керак бўладиган аччиқ бир дори. Шу нарсадан ўтишимиз керак. Якунда таъминот ҳозирги ҳолатга нисбатан яхшиланади”, – дея энергетика ислоҳотига изоҳ берди Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев. У бадавлат инсонлар ҳам давлатдан ёрдам олиши адолатдан эмаслигини таъкидлади.
АОКАда энергоресурслар бозори ва энергия таъминот тизимидаги ислоҳотларга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида ҳам ана шу ҳақда сўз юритилди.
Биринчидан, аҳоли учун ижтимоий меъёрлар кутилганидан ҳам зиёда белгиланмоқда. Яъни, ижтимоий норма миқдори электр энергияси истеъмоли бўйича 250 кВт соатгача, табиий газ бўйича мавсумийлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, апрел-сентябр ойлари учун 200 куб метргача ва октябр-март ойлари учун 700 куб метргача ўрнатилади. Аввалроқ электр учун ойига 200 кВт.соат, газ учун эса 500 куб метргача ижтимоий норма белгиланиши кутилганди.
Иккинчидан, аҳоли учун ижтимоий норма доирасидаги тарифларнинг арзонлиги таъминланади. 1 кВт соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт соатгача – 325 сўм этиб белгиланади. 1 куб м табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача – 410 сўм, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача – 410 сўм.
Учинчидан, бойлар ва бизнес энергия истеъмоли учун қиммат тўлайди. Масалан, аҳолига ижтимоий нормадан ташқари истеъмол электр учун 1 кВт соат – 650 сўм, газ эса, ҳар 1 куб метр учун – 1 200 сўм. Бизнес эса электр учун ҳар кВт соат учун 600 сўмдан, газ учун эса ҳар куб м учун 1150 сўмгача тўлайди. Алоҳида истеъмолчилар — Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун тарифлар янада қимматроқ ўрнатилган.
Тўртинчидан, бизнес учун олдиндан ориентир ва таргетлар берилмоқда. Келаси йил 1 апрелдан бизнес учун электр нархлари 700 сўмгача, газ нархлари эса 1200 сўмгача оширилади. 2024 ва 2025 йилларда тарифлар фақатгина инфлясия даражасига индексасия қилиб борилади. Ва ниҳоят 2026 йилдан бошлаб электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг улгуржи бозорига ўтилади ҳамда нархлар эркин шаклланади».
“Аччиқ дори муаммога ечимми?
Ҳозирги кундаги электр — энергетикаси соҳасининг молиявий, иқтисодий ва технологик ҳолатининг таҳлили йиллар давомида оширилган нархлар бу соҳани ривожига сезиларли ижобий таъсир кўрсатди деб айта олмаймиз.
Электр энергетикаси соҳасида нархлардан ташқари бошқа муҳим бўлган, аммо эътибордан четда қолган омиллар таҳлили бугун жуда ҳам долзарб. Электр қувватига нисбатан ошиб бораётган эҳтиёжни тўлақонли қондириш, саноат фойдаланувчилари учун электр етказиб беришни сифатли таъминлаш, режадан ташқари ўчиришларни камайтириш, бундан ташқари етказиб берилмаган энергия туфайли ёки узилишлар орқали келтирилган зарарни қоплаш бўйича етарли хуқуқий нормалар мавжуд эмас ва мавжудларини қўллаш амалиёти ҳам сустлигича қолмоқда.
Бу борада етказиб берилмаган ёки узилишлар орқали келтирилган зарарни қоплаш бўйича қатъий нормалар белгилаш ва уларни қўллаш амалиётини кучайтириш зарур.
Шаҳруза Сатторова