Мажбурий ижро бюросининг маълумотлар базаси вақтинча тўхтатилинади

Мажбурий ижро бюроси органларининг барча электрон маълумотлар базаси ва интерактив хизматлари 04 июн куни соат 22:00 дан 06 июн соат 09:00га қадар вақтинча тўхталиши маълум қилинди.

Бюро хабарига кўра, бу – электрон ахборот ва маълумотлар базасига тезкор ишлашни таъминловчи янги қурилма ҳамда алоқа воситалари жорий этилиши билан боғлиқ.

Амалдаги ахборот алмашиш ресурслари ва маълумотлар базаси 30 дан ортиқ ташкилотларнинг 63 та йўналиши бўйича ахборот тизимларига интеграция қилинган

Йилдан-йилга аҳоли томонидан келиб тушаётган мурожаатлар сони, ижро ишлари бўйича келаётан сўровлар ва иш юритувдаги ижро ишлари ҳажми ортиб бормоқда.

Жамоатчилик ва аҳолидан келаётган таклифларни инобатга олиб, иш унумдорлиги ва сифатини янада ошириш, хизматда фойдаланиб келинаётган “MIB Portal” электрон дастурий тизими имкониятларини ошириш мақсадида, электрон ахборот ва маълумотлар базасига тезкор ишлашни таъминловчи янги қурилма ҳамда алоқа воситаларини жорий этиш зарурияти келиб чиқди.

Бу амалга оширилгач, дастурий тизим имкониятларининг ошиши орқали иш унумдорлиги ва сифати ошиши айтилмоқда.
“Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз”, – дейилади бюро матбуот хизмати тарқатган хабарда.