Оҳангаронда ҳайдовчи ЙПХ ходимлари калтаклаши натижасида вафот этганми

Ижтимоий тармоқларда Оҳангаронда фуқаро ЙПХ ходими калтаклаши натижасида вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Маълум бўлишича жорий йилнинг 20 май куни Нурафшон-Оҳангарон йўлининг 52-километрида ҳаракатланиб келаётган “Ваз 2121” автотранспорти ЙҲХБ инспекторлари томонидан тўхтатилади.

Автотранспорт ҳайдовчиси Ғ.Ш. ушбу транспортни бошқариш учун етарли ҳужжатларга эга бўлмаган.

Ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 1-қисми билан электрон маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашинани вақтинчалик жарима майдонига жойлаштириш учун, ЙҲХБ инспектори бошқарувида олиб кетилаётганида, олд ўриндиқда ўтирган ҳайдовчи Ғ.Ш. автотранспорт эшигини очиб, ўзини автомашинадан ташлаб юборган.

ЙҲХБ инспекторлари томонидан фуқаро Ғ.Ш.га биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилган.

Шифохонада унга “Бош мия очиқ жароҳати, бош мия қон қуйилиши оғир ҳолати, бош мия силжиб синиш” ташҳиси қўйилган.

Жорий йилнинг 6 июнь куни соат 23:00 ларда фуқаро Ғ.Ш. Тошкент шаҳрида жойлашган 39-сонли шифохонада кўрсатилган муолажаларга қарамасдан вафот этган.

Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан текширув ўтказилмоқда.