«Энди ўқишни кўчиришга фақат 2 тоифадаги талабаларга рухсат берилади», — олий ва ўрта махсус таълим вазири

Абдуқодир Тошқулов талабаларнинг яхшироқ йўналишга ўқишини кўчириб олиши ҳолатлари кўпайганини, бу жараёнда коррупсион элементлар сақланаётганини билдириб, жорий йилдан фақатгина 2 тоифа талабаларигагина вазир хати билан ўқишини кўчиришга рухсат берилишини маълум қилди.

Бугун, 7 июн куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов сўзга чиқиб, олий таълим тизимида маиший коррупсия ҳамон сақланиб қолаётгани, бу, асосан, ўқишни кўчириш жараёнларида кузатилаётганини маълум қилди.

“Ҳали ҳам олий таълимда коррупсия мавжуд, деган фикрлар бор барибир. Минг афсус, маиший коррупсия ҳолатлари учраяпти, лекин тизимли коррупсияни биз йўқотдик. Бунга вазир сифатида кафолат бераман. Коррупсиянинг элементлари ўқишни кўчириш билан боғлиқ жараёнда сақланиб қолаётганди. Лекин биз бу йил фақатгина 2 та шарт билан ўқишни кўчиришга рухсат олдик. Энди талаба:

Турмуш қурса;

Давлат хизматчисининг иши бошқа жойга ўтсагина ўқишини кўчира олади”, деди вазир.

Абдуқодир Тошқуловнинг қайд этишича, ўқишни кўчиришда вазир хати талаб этилади. Бошқа тоифалардаги талабаларга ҳеч қайси ҳолатда ўқишини кўчиришга рухсат берилмайди.

Ўтган йили 60 минг талаба ўқишини бошқа ОТМга кўчириш учун ҳужжат топширган. Масалан, тупроқшуносликда ўқиётган талаба биологияда ўқишни хоҳлаган.

“Талаба биринчи курсданоқ мақсадини аниқ белгилаб олиши керак. Бу йил жами 150 минг талаба ўқишини кўчиришга ариза топшириши прогноз қилинган эди.

Бунинг ўрнига академик мобилликни қўллаш мумкин. Масалан, ректорлар ўзаро келишиб, Сурхондарёдаги ва Тошкентдаги талабалар алмашиб, 1-2 семестр ўқийди. Лекин дипломни бир жойдан олиши керак.

150 минг талабгор ўқишини кўчириш учун ҳужжат топшириши нима деган гап? Бу – бир йиллик квота дегани”, деди Абдуқодир Тошқулов Парламентдаги нутқида.