Кунларнинг бирида Британия Қироллик академияси президенти Эрнест Резерфордга касбдоши ёрдам сўраб мурожаат қилди. У талабаларидан бирига физика бўйича энг паст баллни қўйишни истар, талабаси эса энг баланд баллга лойиқ эканини таъкидларди. Икковлари охир-оқибат учинчи шахснинг – бетараф ҳакамнинг хулосасини қабул қилишга келишган, бу учун домла Резерфордни танлашганди.
Имтиҳондаги савол қуйидагича эди: «Бинонинг баландлигини барометр ёрдамида қандай қилиб ўлчаш мумкин?» Талаба шундай жавоб берганди: «Бинонинг томига чиқиб, барометрни арқонга улаб пастга ташлаш керак, сўнг уни тортиб олиб, арқоннинг узунлигини ўлчаш зарур».
Савол қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, жавоб тушунарли ва аниқ эди. Бошқа томондан, имтиҳон физика фани бўйича бўлиб, жавобнинг бу фанга алоқадорлик жиҳати жуда кам эди.
Домла Резерфорд талабага яна бир бор уриниб кўриш имконини берди. Олти дақиқа вақти борлигини айтиб, жавоби физика қонунларига асосланиши шартлигини таъкидлади. Беш дақиқа ўтди ҳамки, талаба жавоблар варағига ҳеч нарса ёзмади. Резерфорд талабадан:
– Жавобинг йўқми, тан бердингми? – деб сўради.
Талаба жавоблари бир нечталигини, у энг яхшисини танлашга уринаётганини айтди.
Бу гап домланинг қизиқишини орттирди. У белгиланган вақт тугамай туриб жавоб беришини сўради талабадан. Янги жавоб қуйидагича эди: «Томга чиқасиз ва барометрни пастга ташлайсиз. Унинг тушиш вақтини ҳисоблаб турасиз. Сўнг формула ёрдамида бинонинг бўйини топиш мумкин».
Резерфорд шеригидан бу жавобдан қониққан-қониқмаганини сўради. У, ноилож, маъқул ишорасини берди. Бироқ талаба яна бир қанча жавоблари борлиги ҳақида эслатди. Домлалар уларни ҳам айтишини сўрашди.
– Барометр ёрдамида бино баландлигини ўлчашнинг бир неча усуллари бор, – деб гап бошлади талаба. – Масалан, қуёшли кунда кўчага чиқиб, барометр ва унинг сояси узунлигини ўлчайсиз. Сўнг бино соясини ўлчайсиз. Бундан кейин оддийгина тенглама ёрдамида бино баландлигини топиш мумкин.
– Ёмонмас, бошқа жавобларинг ҳам борми? – деди Резерфорд.
– Бор, жуда оддий услуб ҳам бор. У сизга албатта ёқади. Барометрни қўлга олиб, нарвондан кўтариласиз. Шу жараёнда барометрни деворга ёпиштириб, белги қўйиб кетасиз. Сўнг белгиларни барометрнинг узунлигига кўпайтирсангиз, бинонинг баландлиги келиб чиқади. Агар сиз мураккаброқ йўлдан бормоқчи бўлсангиз, – деб гапини давом эттирди у, – барометрга боғич боғлайсиз ва уни капгир каби тебратиб, бинонинг пойдевори ва томида тортишув кучини ўлчайсиз. Ана шу икки ўлчов орасидаги фарқдан ҳам бинонинг бўйини топса бўлади. Тебрангичингизни томга олиб чиқиб, уни тебратиб, тебраниш вақтларига асосланиб ҳам бино баландлигини аниқлашингиз мумкин. Ва ниҳоят, ушбу масала ечимлари ичида энг зўр битта услуби бор: барометрни оласиз ва бино бошқарувчисини топиб: «Ака, ажойиб бир барометрим бор. Агар бинонинг баландлигини айтсангиз, сизга бераман», дейсиз.
Шундан сўнг Резерфорд талабадан: «Наҳотки бу саволни ечишнинг умум қабул қилинган услубини билмасанг?!» деб сўради. Талаба ўша усулни билишини, бироқ ўқитувчилар ўз фикрлаш услубларини ўтказдирадиган, ностандарт ечимларни қабул қилмайдиган мактаб ва коллежлардан тўйганини айтди.
Бу талаба 1922 йили Нобель мукофоти совриндори бўлган даниялик физик Нилс Бор (1885–1962) эди.
Ориф Толиб тайёрлаган.