Андижонда 180 минг АҚШ долларига ер сотаётган фирибгар ушланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Андижон вилоятининг Асака туманидаги пиллачиликка ихтисослашган масъулияти чекланган жамият раҳбари ўзининг 1988 й.т., муқаддам судланган қариндоши билан тил бириктириб, мазкур МЧЖга тегишли бўлган 1 гектар ер майдонини ҳокимият тизимидаги мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 180 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда МЧЖ раҳбари сўралган пулдан 120 минг АҚШ долларини қариндоши орқали олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.