Марказий банки бошқаруви оралиқ йиғилишида асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 16 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Хўш, бу кредитларга, депозитларга қанчалик таъсир қилади? Биз ушбу савол билан Марказий Банк ахборот хизматига юзландик.
Маълум қилинишича, асосий ставканинг жорий пасайтирилиши инфляцион хатарларни жиловлашга йўналтирилган “қатъий” пул-кредит шароитларини сақлаб қолган ҳолда ташқи хатарлар учун қўшилган қўшимча юкламани нейтраллаштиришга қаратилган.
“Сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси 2022 йил март ойининг биринчи ярмида ўзининг юқори даражасига етиб, йил бошига нисбатан 6,8 фоизга қардсизланган бўлса, март ойининг иккинчи ярмидан бугунги кунга қадар 5,1 фоизга мустаҳкамланди. Натижада, сўмнинг йил бошидан қадрсизланиши 1,6 фоиз доирасида шаклланди.
Олтин валюта захираларининг “нейтраллик тамойили” бўйича Марказий банк томонидан ички валюта бозорига апрель-май ойларида, сўм алмашув курснинг қисқа муддатда кескин мустаҳкамланиб кетишини олдини олиш максадида бозордан 523 млн долларлик валюта маблағлари сотиб олинди.
Юзага келаётган инфляцион жараёнлар кўпроқ таклиф омиллари билан боғлиқ бўлиб, минтақадаги жорий геосиёсий вазиятнинг маҳсулот етказиб бериш, транспорт-логистика жараёнларига салбий таъсирини ўзида ифода этади.
Кутилаётган тариф эркинлаштиришларни инобатга олиб жорий йил якунлари бўйича инфляция прогнози 12-14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.
Валюта курсининг барқарорлиги, ўз навбатида, нархларга нисбатан “импорт инфляцияси” таъсирини юмшатувчи аҳамиятга эга бўлади.
Марказий банкнинг ўрта муддатли макроиқтисодий прогнозлари иккинчи чорак якунлари бўйича янгиланади, дейилади Марказий Банк хабарида.
Шунингдек, Молия вазирлиги ресурслари ҳисобидан ажратилаётган имтиёзли таълим ва ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкалари камайтирилмайди. Асосий ставкага мутаносиб равишда фоиз ставкасини камайтириш механизми Марказий банкнинг асосий ставкаси 14 фоиздан пасайганда қўлланилади.