Ёши улғайиб қолган жанг санъати устаси қайтиб майдонга тушмасликка қарор қилди.
Бироқ бир куни ёш, манман полвон уни олишувга чорлади. Уста бунга эътибор бермай, жим ўтираверди. Ёш жангчи энди уни масхаралашга, аждодларини ҳақоратлашга тушди. Аммо бу ҳам натижа бермади.
Охир-оқибат ёш полвоннинг ҳафсаласи пир бўлиб, индамай қолди.
Устознинг шогирдлари унинг хатти-ҳаракатидан ҳайрон қолишди, айримлари эса таъна ҳам қилишди:
– Наҳот сизга ўзингизнинг ёки аждодларингизнинг шаъни қадрли бўлмаса?!
Устоз бу саволга савол билан жавоб берди:
– Агар сизга бирор нарса совға қилишса-ю, уни олмасангиз, ҳадя кимда қолади?
– Эгасининг ўзида қолади-да! – дейишди улар.
– Ҳасад, ғазаб ва нафрат ҳам худди шундай. Агар биз уни қабул қилмасак, у ўз эгасида қолади.