Ўрмонда аҳил бўрилар тўдаси умргузаронлик қилар эди. Кун келиб кексайган тўдабоши батамом куч-қувватдан қолибди. Навбатдаги ов арафасида йўлбошчи энди тўдага йўлбошчилик қила олмаслигини маълум қилибди. Тўда орасидан ёш ва бақувват, қуюқ кулранг мўйнали бўри чиқиб тўдабошининг олдига борибди ва бундан кейин бўрилар жамоасига бошчилик қилишга изн сўрабди. Кекса бўри розилик билдириб, буни эълон қилгач, бўрилар янги йўлбошчи раҳбарлигида озуқа топиб келиш учун жўнаб кетишибди.
Орадан бир кун ўтиб янги сардор бошчилигидаги тўда мўл-кўл ўлжа билан қайтибди. Ёш йўлбошчи кекса бўрига етти нафар овчига ҳужум қилиб, ҳеч бир қийинчиликсиз бор-будини талон-тарож қилганликлари билан мақтанибди.
Кейинги овда, ундан кейингисида ҳам ов бароридан келиб, ёш етакчи жамоада ўз мавқеини мустаҳкамлаб олди.
Изғирин кунларнинг бирида янги сардор бошчилигида овга кетган навқирон ва жасур тўда орадан кўп вақт ўтса ҳамки, овдан қайтмабди.
Ниҳоят, узоқдан бўриларнинг қораси кўринибди. Яккам-дуккам қайтаётган бўрилар майиб-мажруҳ, ҳаммаёғи қонга беланган, мўйнаси тирналган ҳолда, уларнинг ярмидан кўпи ортга қайтишмаган эди.
Ёш йўлбошчи кекса раҳбар бўрига йўлда уч нафар йўловчига дуч келгани, уларга ҳужум қилиб, жангда ўзи ва саноқли ҳамроҳлари зўрға омон қолишганини айтибди.
«Илк бошқарган овингда етти нафар қуролланган овчини хонавайрон қилиб қайтган эдинг. Бу гал бор-йўғи уч йўловчининг сизларни бундай ачинарли аҳволга солганини қандай тушунмоқ керак?», – сўрабди кекса бўри ҳайрат билан.
Собиқ тўдабошининг саволига ёш сардор шундай жавоб қайтарибди:
«Ўшанда биз ҳужум қилганлар етти нафар овчилар тўдаси эди. Бироқ, биз кеча таламоқчи бўлган одамлар уч нафар дўстлар экан».
Инглиз тилидан Шуҳрат Сатторов таржимаси