Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россия куни муносабати билан йўллаган табрикномасида Россия Федерациясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
Бу ҳақда “Yonhap” ахборот агентлиги Корея марказий ахборот агентлигига таяниб, хабар берди.
“Россия халқи ўз мамлакати қадр-қиммати ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш, ҳар хил қийинчилик ва муаммоларни енгиб ўтиш бўйича адолатли ишни амалга оширишда катта муваффақиятларга эришди. Корейс халқи уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва маъқуллайди”, дея Ким Чен Иннинг сўзларини келтирди агентлик.
Шимолий Корея раҳбари ўз мурожаатини Россия Президенти Владимир Путинга соғлик, рус халқига эса фаровонлик тилаш билан якунлади.
Аввалроқ, Ким Чен Ин Ғалаба куни муносабати билан табриклаб, Россияни қўллаб-қувватлашини билдирган эди. Расмий Пхеньян Россия ва КХДР ўртасидаги дўстона муносабатлар бундан кейин ҳам замон талабларига мос равишда ижобий тарзда ривожланиб боришига ишонч билдирган.
Россия куни ҳар йили 12 июнь куни нишонланади ва Россия Федерациясининг давлат байрами ҳисобланади. Мазкур байрамни кўпчилик “Путин Россияси кун” ҳам деб атайди. Байрам 1990 йил 12 июнь куни РСФСР давлат суверенитени тўғрисидаги декларация қабул қилиниши билан нишонлана бошланган.