ИИВ журналистлар калтаклангани ҳақидаги хабарни рад қилди, қизиқ…

«Пахтакор» стадионида Ўзбекистон-Ироқ футбол терма жамоалари ўйини вақтида «Севимли» телеканали «Замон» дастури журналистларининг фаолиятига тўсқинлик қилиниб, оператор Т.Иброҳимовга нисбатан тан жароҳатлари етказилганлиги ҳақида маълумотлар тарқалмоқда.

Унда операторга ИИБ ходимлари жароҳат етказгани айтилган. Ҳодиса жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовга кўра, жорий йилнинг 11 июнь куни «Пахтакор» стадионида Ўзбекистон-Ироқ футбол терма жамоалари ўйини жараёнида жамоат тартибини сақлашга бириктирилган Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан соат 21.00дан кейин, стадионда бўш жойлар қолмаганлиги сабабли, фуқароларни стадионга кириши тўхтатилган.

Шу вақтда, Алишер Навоий кўчаси тарафдан стадионга кириш учун ташкил этилган ташқи назорат периметрда айрим фуқаролар норозилик билдириб, стадионга киришга ҳаракат қилиб, жанжал уюштиришган.

Ходимлар томонидан келиб чиқиши мумкин бўлган безорилик ҳаракатлари зудлик билан бартараф этилиб, бир нечта фуқаролар туман ИИБга олиб борилган.

Аниқланишича, фуқаролар орасида «Севимли» телеканали «Замон» дастурининг вакиллари ҳам бўлган ҳамда одамлар ўртасидаги муштлашув жараёнида телеканал оператори Т.Иброхимовга тан жароҳатлари етказилиб, техник ашёлари зарар кўрган. Унга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилиб касалхонага етказилган.

Шу куни бошқа фуқаролардан тан жароҳати олганлиги бўйича маълумотлар келиб тушмаган.

Ҳозирда, ҳолат юзасидан текширув тайинланиб, жамоат тартибини бузган фуқароларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда, дейилади ИИВ матбуот котиби хабарида.