“Буларнинг барчаси ёлғон. Ғарбга ишониб бўлмайди”,- Туркия президенти

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ғарб давлатларининг сиёсатига ишониб бўлмаслигини айтди. Бу ҳақда «TRT Haber» хабар берди.

Президент шу тариқа Американинг Грециядаги базалари «Россияга қарши» қаратилгани ҳақида муносабат билдирган. У бунга аниқлик киритиш учун жараённи Украинадаги воқеалар билан солиштирган.

«Улардан нима учун бу базаларни яратяпсиз, деб сўрасак, улар ‘Россияга қарши’ деб жавоб беради. Сиз Украина учун нима қилдингиз? Буларнинг барчаси ёлғон. Ғарбга ишониб бўлмайди», — деган у.

Шу билан бирга, Эрдўғон Туркия Ғарб давлатлари билан илм-фан ва маданият соҳаларида ҳамкорлик қила олишини тан олган. Эрдўғон ўтган ҳафта АҚШнинг Грецияда жойлашган базалари Россияга қарши қаратилмаганини айтганди. У АҚШ ва Европа давлатларининг Грецияни қўллаб-қувватлаши кимга қарши қаратилганига қизиққан.

Туркия ҳам, Греция ҳам NATO ташкилотига аъзо, давлатлар бир қатор масалалар: Эгей денгизидаги оролларнинг мақоми, Кипр, нефт ва газ ҳудудларини қидириш ва ҳаво ҳудудидан фойдаланиш бўйича баҳслашмоқда. Мамлакатлар сўнгги йилларда бир неча бор ҳарбий тўқнашув ёқасига келган.