Ҳукуматнинг “Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини яна-да такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш мақсадида туман ва шаҳарларда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилади.
“Ёшлар дафтари”га киритилган, никоҳи қайд этилганига 3 йилдан ошмаган ёшларга эса якка тартибдаги ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун 33 млн сўмгача гаровсиз кредит “Ёшлар дафтари” жамғармасининг кафиллиги остида ажратилади.
Бунда ариза берувчи кафиллик ажратишни сўраб тижорат банкининг Васийлик кенгаши номига кафиллик бериш ҳақидаги хатини тақдим этади.
Васийлик кенгаши уч иш куни ичида мурожаатни унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга ариза берувчи яшаб келаётган маҳалладаги ёшлар етакчисига юборади.
Маҳалладаги ёшлар етакчиси беш иш куни ичида кафиллик бериш ёки рад этиш ҳақида хабарномани Васийлик кенгашига юборади. Бунда кафиллик беришни рад этиш ҳақида хабарнома юборилганда рад этиш сабаблари асосланиши талаб этилади.
Агар маҳалладаги ёшлар етакчиси мурожаатни унга тушган пайтдан бошлаб беш иш куни ичида кўриб чиқмаса ёки кафиллик беришни асоссиз рад этиш ҳақида хабарнома берса, Васийлик кенгаши ариза берувчининг ижтимоий ҳимояга муҳтожлигини ҳамда унинг мурожаати ушбу параграф талабларига мувофиқлигини ўрганган ҳолда унинг мурожаатини қаноатлантириш ҳуқуқига эга бўлади.
Мурожаатни ўрганиш натижаларига кўра, Васийлик кенгаши қарорига асосан уч иш куни ичида ариза берувчига кафиллик берилиши мумкин.