“Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди. Фармон билан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражаси индикатор асосида баҳолаб борилади:
- Давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимлар фаолиятининг самарадорлиги;
- Давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш ҳолати;
- Ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни қонунчиликда белгиланган ахборот ресурсларида эълон қилиш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлик тизимининг йўлга қўйилиши;
- Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашга оид маълумотларнинг расмий веб-сайтда жойлаштирилиши;
- Очиқ маълумотлар порталида маълумотлар жойлаштирилиши ҳамда оммавий коммуникация технологияларининг жорий қилиниши;
- Коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда очиқлик тамойилларидан фойдаланиш ҳолати;
- Жамоатчилик кенгаши фаолиятининг самарадорлиги.
Фармонга мувофиқ, коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳар йил якуни бўйича Давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик индекси шакллантирилади ва “eanticor.uz” электрон платформаси ва оммавий ахборот воситалари орқали очиқ эълон қилиб борилади;
Давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик даражаси “0” баллдан “100” баллгача рейтингда баҳоланиб, қуйидаги тоифаларга ажратилади:
- 71 баллдан 100 баллгача – “яшил”
- 55 баллдан 71 баллгача — “сариқ”
- 55 баллдан паст — “қизил”
Очиқлик даражаси энг юқори деб топилган давлат органи ёки ташкилотининг соҳага масъул ходимларини рағбатлантириш, аксинча, салбий бўлганларини қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик масаласи ҳал этилади.Агентликка давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида қуйидаги қўшимча ҳуқуқлар берилди:
- давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахсларига очиқлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларнинг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантириш эълон қилиш;
- очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларнинг бузилишига олиб келган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритиш;
- расмий веб-сайт ва бошқа ахборот ресурсларида эълон қилинган очиқ маълумотларнинг ҳаққонийлигини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиб олиш ҳақида сўровнома юбориш.