Дунёда тез сур’юатлар билан сон жихатдан салмоқли ўринни егаллаган маймун чечаги хакида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти батафсил малумот берди . Ҳозирда бу касаллик номини узгартириш устида хам ишланмоқда. Бунинг учун дунё мутахассислари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу ҳақда ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус айтиб ўтди.
“Биз имкон қадар тезроқ янги номни эълон қиламиз. Маймун чечагининг тез тарқалаётгани ғайриоддий ва бу ҳолат кўпчиликни хавотирга солмоқда”, дейди у.
Гебрейесусга кўра, ортопоксвируслар (маймун чечаги мансуб бўлган оила) бўйича мутахассисларга тўғрироқ ном топиш учун мурожаат қилинмоқда.
Шунингдек, ЖССТ раҳбари чўчқа ва парранда гриппи каби номли вируслар ҳам ташкилот тавсияларига тўғри келмаслигини айтиб ўтган.
ЖССТ инфекциялар терминологиясида ҳайвонларнинг номлари, географик минтақалар, одамлар, маданий манбалар ва бошқа тушунчалардан фойдаланишни маслаҳат бермайди. Бироқ ташкилот ҳамон «маймун чечаги» номидан фойдаланади, чунки ушбу вирус биринчи марта 1958 йилда Дания лабораториясида маймунларда аниқланган. Маймун чечаги билан касалланган биринчи одам эса орадан 12 йил ўтиб, 1970 йилда Конгода қайд этилган.
Вирус билан касалланиш ҳолати кўпинча Африкада аниқланган. Қитъадан ташқарида биринчи ҳолатлар 2003 йилда АҚШда, охиргиси эса Нигерияда 2017 йилда аниқланган.
Шундан сўнг, фақатгина жорий йилнинг май ойи бошида Буюк Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати Нигериядан қайтган одамда маймун чечаги аниқлангани ҳақида хабар берган эди, 20 майга қадар 80 кишида инфекция аниқланган, яна 50 та ҳолат текширув ҳолатида бўлган. Кейинчалик бошқа давлатлар, жумладан, Австралия, Бельгия, Канада, Франция, Германия, Италия, Нидерландия, Швеция, АҚШ, БАА ва бошқаларда ушбу вирусни юқтириш ҳолатлари қайд этила бошлади.
Июнь ойи бошида Африкадан ташқарида касалланганлар сони 1000 та ҳолатдан ошди, ЖССТ «вазият издан чиқмагунча» кутмаслик учун ҳимоя чоралари бўйича фавқулодда қўмитани чақиришга қарор қилди.
Шунингдек, июнь ойи бошида 30 нафар африкалик олимлар вирус терминологиясини зудлик билан ўзгартиришни талаб қилган. Чунки оммавий ахборот воситаларида вирус тарқалишини тасвирлаш учун африкаликларнинг суратларидан фойдаланиш кенг тарқалди.
Маълумот ўрнида, маймун чечаги кам учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, асосан ёввойи ҳайвонлардан одамларга юқади. Касалликнинг белгилари иситма, бош оғриғи, мушак оғриғи, бел оғриғи, лимфа тугунлари шишиши, титроқ ва чарчоқни ўз ичига олади. Шунингдек, юз ва тананинг бошқа қисмларида тери тошмаси ҳам пайдо бўлиши мумкин. ЖССТ маълумотларига кўра, маймун чечаги эпидемияси учун ўлим даражаси одатда 1 фоиздан 10 фоизгача, ўлимнинг аксарияти ёш гуруҳларда содир бўлади.
Зарнигор Пўлатова