Ажойиб кунларнинг бирида устоз шогирдини тоғ этагига олиб борди. У ерда деворлари тик ва баланд лабиринт қурилганди. Томи бўлмаганидан йўлакларнинг ичига қуёш нури тушар, ёп-ёруғ эди.
Уста шогирдини лабиринтга киритиб, чиқиш йўлини топишни буюрди. Шогирд йўлаклар орасида узоқ вақт адашиб юрди, борган сари боши берк йўлларга кирди. Ҳориб-чарчаб, мадори қолмай, йиқилди ва уйқуга кетди.
Кимдир елкасидан туртаётганини сезиб, кўзларини очди. Тепасида устози турарди:
– Ортимдан юр, – деб буюрди у.
Лабиринтдан чиқишгач, устоз тоғ томон йўл бошлади. Чўққига кўтарилгач, у деди:
– Пастга қара!
Улар турган жойдан лабиринт кафтдек намоён эди.
– Бу ердан туриб чиқиш йўлини топиш осон-а? – деди устоз.
– Ҳеч бир қийин жойи йўқ, – деди шогирд. – Диққат билан қаралса бўлгани.
– Қани, чиқиш йўлини топ-да, эсингда сақлаб қол.
Бироз вақтдан сўнг тоғдан тушишди. Шогирд лабиринтга ишонч билан қадам қўйди ва қийналмай тезда чиқиш йўлини топди. Шундан сўнг устози унга шундай насиҳат қилди:
– Вазиятдан қанча узоқлашиб, унга қанча тепадан қарасанг, тўғри қарор қабул қилишинг шунчалик осон бўлади.