Дўрмон ижод уйида дам олувчилар учун тўлов нархларининг оширилгани ҳақидаги хабарга расмий муносабат билдирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати маълум қилди.
“2022 йил 15 июнь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёш ижодкор Ифтихор Хонхўжаев фейсбукдаги саҳифасида Дўрмон ижод уйида дам олувчилар учун тўлов нархларининг оширилгани каби бир қанча масалалар юзасидан норозилиги ҳақида пост эълон қилди.
Дам олувчилар учун тўлов нархлари 2022 йил 10 июндан бошлаб оширилгани рост. Бир неча йилдан бери Ёзувчилар уюшмаси аъзоларига оддий хоналар учун бир суткалик тўлов 30 000 сўм (уч маҳал овқатланиш, зарур ҳолларда тиббий хизматдан фойдаланиш билан бирга) бўлган бўлса, нарх-наво оширилиши муносабати билан тўлов 58 000 сўм этиб белгиланди. Бундан ташқари, ижодкорларга қулайликлар яратиш мақсадида имтиёзли муддат йил давомида 24 кундан 48 кунга узайтирилгани, шунингдек, уларнинг оила аъзосига ҳам мазкур имтиёздан фойдаланиш имконияти киритилди.
Муаллиф Дўрмон ижод уйи таркибидаги коттежларнинг бир ойлик ижара пули 920 минг сўмдан 1 млн. 840 минг сўмга оширилганини ёзибди. Аммо бу тўғри маълумот эмас. Ижодкорлар оиласи билан яшаши мумкин бўлган 15 сотихли жой, бир ё икки қаватли бинодан иборат коттежларнинг ойлик ижара нархи шу пайтга қадар 1 миллион 221 минг сўм бўлган. Ҳозир эса 1 миллион 840 минг сўм этиб белгиланди.
Коттежлар аслида фақат уюшма аъзоларига бир йил муддатга шартнома асосида берилади. Лекин бугунги кунда у ерда яшовчилар муддати тугаши билан ўз хоҳишларига кўра коттежларни бўшатиб бермаётгани навбатда турганларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўляпти. Шунинг учун коттежларда бир йилдан ортиқ яшаганларга имтиёзли давр бекор қилиниб, тижорат нархларига ўтказилади. Ўйлаймизки, бу тартиб келажакда бошқа ижодкорларга ҳам дам олиш имконини беради.
Дўрмон ижод уйи биринчи навбатда уюшма аъзоларини қабул қилади. Бўш турган хоналардан унумли фойдаланиш мақсадида уюшма аъозоси бўлмаган мижозларни тижорат нархларида қабул қилиши ҳам мумкин. Мақсад ижод уйининг иқтисодий самарадорлигини ошириш, фақат уюшма маблағига қараб қолмасдан қўшимча даромад топиб, ўзини ўзи қоплашдан иборат. Бу маблағлар ҳисобидан бугунги кунда ижод уйи ободонлаштириляпти, хоналар босқичма босқич таъмирланмоқда ва эскирган жиҳозлар, коммуникация тизими янгиланяпти.
Муаллиф: “Оддий ишчи ҳодимларининг айтишича яқин ойларда ҳудудда футбол стадионлари қурулиб Локоматив футбол жамоасига ижарага берилиши кўзда тутилган. Бундан келиб чиқадики, энди ҳар куни камида қирқ чоғлик эркак иштончан ҳолда ижод уйи ҳудудида югуриб юрадилар”, деган ёлғон маълумот тарқатяпти. Тўғри, ижод уйи ҳудудида стадион қурилиши режалаштирилган. Келажакда стадион қурилса ҳам ижод уйида дам олаётганлар, шунингдек, уюшма аъзолари, жамоаси, унинг муассислигидаги ташкилотлар ходимлари орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш кўзда тутилган.
Яна бир жиҳат, муаллиф ёзганидай, Дўрмон ижод уйи ҳудудида 500 туп олма ва гилос дарахти мавжуд эмас ва табиийки, тонналаб гилос олиниб, чет элга экспорт қилинмаган. Бу йилги олинган ҳосил ижод уйи ошхонасига кирим қилиниб, дам олувчиларнинг дастурхонига тортилган, холос.
Ўрни келганда айтиб қўйишни жоиз билдик. 2022 йил бошидан шу кунга қадар Ёзувчилар уюшмаси “Адабиёт” нашриётида уюшма маблағи ҳисобидан марҳум адиблар, уюшма аъзолари ва ёш ижодкорларнинг 99 номдаги китоби 289 000 нусхада чоп этилди. Улар мактаб ва бошқа муассасалар, ташкилот ва идоралар кутубхоналарига совға қилиняпти. 2022 йилнинг олти ойи давомида Ёзувчилар уюшмаси уюшманинг моддий ёрдамга муҳтож 82 нафар кекса аъзосига 114 988 000 сўм, уюшманинг 47 нафар оламдан ўтган аъзосининг оиласига 50 106 000 сўм моддий ёрдам кўрсатди.
Хулоса шуки, ёш муаллиф айтмоқчи Дўрмон ижод уйини сақлаш барча ижодкорларнинг вазифаси. Буни аввал ўзимидан бошлашимиз, чиройли асарлар билан адабиётимизда муносиб ўрин қолдиришимиз энг муҳимидир. Демак, ҳавотирга ўрин йўқ. Дўрмон ижод уйи барча қалам аҳлини ўз бағрига чорламоқда, дейилади хабарда.
Шоира Абдурашидова тайёрлади,
ЎзДЖТУ талабаси