Ўлим жазосини тиклаш, спортга пул ажратмаслик, қўшфуқароликка рухсат: Конституцияни ўзгартиришда қандай таклифлар келиб тушмоқда?

Ўзбекистонда Конституциявий комиссия фаолияти янгиликлари ва фуқаролардан таклиф қабул қилиш платформаси – meningkonstitutsiyam.uz портали ишга туширилганидан хабарингиз бор.

Ушбу порталда Ўзбекистон фуқаролардан келаётган таклифлар эълон қилиб борилмоқда. Улар орасида Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага аниқ ёналтириладиган харажатлар миқдорининг минимал фоизини белгилаб қойиш, намойишларни ҳеч қандай руҳсатсиз ўтказишни кучга киритиш, алимент тўловчиларни ҳамда алиментдан қарз бўлиб кетган фуқароларни чет элга ишлаш учун таъқиқни бекор қилиш, спортга пул ажратишни бас қилиш каби қизиқ ташаббуслар бор. Ҳозирги кунга қадар Конститусиявий комиссияга бошқа ҳудудларга нисбатан Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона, Сурхондарё, Жиззах вилоятларидан кўпроқ таклифлар келиб тушган.

17 июнъ ҳолатига кўра платформада эълон қилинган 16282 та таклифнинг асосий қисми давлат бошқаруви, инсон ҳуқуқлари, фан, таълим, соғлиқни сақлаш соҳасида бўлган.

Платформага келиб тушган таклифлар орасида коррупсияга қарши курашни конституциявий мақомга кўтариш масаласи ҳам кўплаб учрамоқда. Хусусан, таклифларда коррупсион жиноятлар учун жазони ва унинг муқаррарлигини кучайтириш, ҳаттоки коррупсионерлар учун ўлим жазосини тиклаш каби таклифлар ҳам бор. “Коррупсияга қарши курашишни энг юқори масалага кўтариш лозим. Коррупсия жиноятини содир этган шахс афв ва амницияга тушмаслиги, бир умрга давлат органлари ва ташкилотларида ишламаслигини белгилаш лозим”.

Шу ўринда ҳар бир жисмоний ва юридик шахслар йиллик даромадларини декларасия қилиши мажбурий этиб белгилансин деган таклиф ҳам келиб тушган. “Декларасияда кўрсатилмаган моддий бойликлар манбалари аниқлангунга қадар давлат тасарруфига ўтказилсин”.
Шунингдек, бир нечта фуқаролар томонидан вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимларини халқ томонидан яширин овоз бериш йўли билан сайлаш илгари сурилган, бунда ҳокимлар узоғи билан 4 йилдан 2 марта, жами 8 йилга сайланиш ҳуқуқига эга бўлиши лозимлиги таъкидланган..

Бундай таклифларнинг деярли барчаси нисбатан кўпроқ овозни йиғмоқда. Маълум қилинишича, ҳокимлар сайлаш ортидан уларнинг халқ олдидаги жавобгарлиги ортади.
Келиб тушган таклифлар орасида давлат ташкилотларининг ҳудудий бўлинмаларини қисқартириш борасида ҳам таклифлар бор:
“Давлат ташкилотларнинг худудий бўлинмаларини камайтириш лозим. Бир давлат ташкилотининг хар бир вилоятда алоҳида худудий бўлинманинг бўлиши шарт эмас, уни қисқартириш масалан 2-3 та вилоятга 1 та марказ етарли. Масофадан туриб бошқариш мумкин бўлган давлат ташкилотларида умуман худудий бошқармалар бўлмаслиги лозим. (Солиқ қўмитаси, Марказий банк…)”

Шунингдек, давлат бошқарувида давлат сиёсатини амалга оширувчи вазирликлар сонини босқичма-босқич қисқартириш ва ходимлар сонини оптималлаштириш таклифи келиб тушган. “Таълим соҳасида Мактабгача таълим, Халқ таълими ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари негизида ягона «Таълим вазирлигини» ташкил қилиш керак”.

Соғлиқни сақлаш борасида берилган таклифлар орасида ушбу тизимда ягона электрон база шакллантириш кўпчиликка маъқул келган. “Ҳозирги ахборот асрида ақлли роботлар, машиналар ва шунга ўхшаш ихтиролар кўп, ҳатто ойга учишмоқда . Биз ҳам аҳоли ва тиббиёт ходимларининг вақтинин тежаш, қоғозбозлик учун юзага келадиган навбатларнинг олдини олиш мақсадида тиббий карталардан воз кечиб, ягона электрон база ташкил қилишни таклиф қиламан. Бу республика ҳудудида аҳолининг ёшлигидан токи ҳозиргача қандай эмлашлар олгани, касалликлар ўтказгани ва Д назорати каби маълумотларни олиш имкони яратилса, яхши бўлар эди. Бундан ташқари кўплаб янги имкониятлар қулайликлар яратилган бўлар эди”.

Шунингдек, спортни ривожлантиришга ажратилаётган триллионлаб маблағларни кескин камайтириб, уларни таълим ва тиббиёт каби соҳаларга йўналтириш каби фикрлар ҳам йўқ эмас.

Бундан ташқари, платформага хориждан олиб кириладиган автомобиллар учун божхона тўловини минимал даражагача пасайтириш, Ўзбекистонда қўшфуқароликка рухсат бериш, хусусий мулк дахлсизлиги ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини амалда таъминлаш, жинсий зўравонлик учун жазо чораларини кучайтириш, экология, бепул тиббий хизмат ва таълимга доир кўплаб таклифлар келиб тушган.

Маълумот учун! Ўзбекистон Конституциясини такомиллаштириш жараёнида фуқаролардан ташаббуслар Meningkonstitutsiyam.uz портали, Телеграм-бот, 1341 колл-маркази ва почта орқали қабул қилинмоқда.Келиб тушган таклифлар инобатга олиниши ёки олинмаслиги Акмал Саидов бошчилигидаги конституциявий комиссия томонидан ҳал қилинади. Конституцияга ўзгартириш киритиш жараёни шу йил 8 декабргача тугалланиши кутилмоқда.

Шаҳруза Сатторова