Кўтарилмаган «тинчлик кабутарлари» ёки Тоқаевнинг «тикка» гапи

Франция, Германия, Италия ва Руминия давлат раҳбарлари Макрон, Шольц, Драге ва Иоханнисларнинг Киевга ташрифи доирасида Украина президенти Зеленьский билан жаҳонда озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган учрашув чоғида айтилган гап-сўзлар Россия кутган натижани бермади. Украинанинг босиб олинган йигирма фоизга яқин ҳудудларини Россияга бериш эвазига Франция, Германия ва Италиянинг «тинчлик кабутарлари» бўлиш имконияти бой берилди.

Украина президентининг бир қарич еримизни ҳам бермаймиз деган баёноти, Украина халқининг қатъий иродаси, жанг майдонларида жон олиб — жон бераётган Украин ватанпарварларининг жасорат ва матонати бу масалани кун тартибига киритишга узил-кесил нуқта қўйди. Охир-оқибат ташриф иштирокчилари Украинани Россия босқинидан ҳимоялашда бирдам эканликларини, Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашини билдирдилар. Дарвоқе, бу Россия ҳукумати учун нечоғлик оғриқли ва аламли бўлганини Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг сўзларидаги норозиликдан, унинг хўмрайган башарасидан ҳам билса бўлади.

Шу куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмард Тўқаев Петербургда ўтказилаётган халқаро иқтисодий форум муносабати билан Россиялик журналистга берган интервьюсида Қозоғистон Россия билан иқтисодий ва бошқа муносабатларда санкцияларни чеклаб ўтолмаслигини, Россияга ён босолмаслигини, бундай ҳолат Қозоғистонга нисбатан ғарб санкциялари қўлланилишига сабаб бўлиши мумкинлигини айтди. Россия матбуоти эса буни коллектив хавфсизлик ташкилоти манфаатларига хиёнат деб баҳоламоқда.

Худди шу куни Буюк Британия санкцияга номлари киритилган Россияликлар сафига Патриарх Кириллни ҳам қўшиб қўйди.

Иқтисодий санкцияларни четлаб ўтишда Россияга садоқатини яширин намоён этаётган айрим давлатлар эса Украина масаласида у ёки бу тарзда фикр юритишдан кўра ҳамон сукут сақлашни афзал кўрмоқда.

Умид СОРИЕВ,
мустақил журналист