Эсимни танибманки, ойимдан “эшикдан чиққанингдан кейин орқага қайтма”, “шанба куни
тирноқ олма”, “уйдан ўнг оёқ билан чиқ”, “қоронғуда уй супурма», деган гапларни эшитиб
келаман. Аслида бу иримлар ҳам бежиз ўйлаб топилмаган экан.
“Жума 13-санага тўғри келса, ҳеч нарса қилиш мумкин эмас”
Баъзи халқларда жума куни 13 санага тўғри келса, бахтсизлик келтиради деган ирим бор. Бу
иримнинг келиб чиқиши ҳақида бир неча ривоятлар мавжуд.
Улардан бири Қадимги Аҳд диний китобидан олинган. Унда ёзилишича шу куни Қобил укаси
Ҳобилни ўлдирган. Ўшандан бери жума куни 13 санага тўғри келса, бу кун бахтсизликлар
белгисига айланиб қолган.
Яна бир ривоят бўйича бу кун тамплиерлар ордени воқеаси билан боғлиқ. 1307 йилнинг 13
октябри жума кунига тўғри келган. Айнан шу куни Франсия қироли Филипп папа Климент V
нинг муҳри босилган махфий ҳужжатга таяниб, орден аъзоларини ҳибсга олишни буюради.
Орден аъзолари динга қарши чиқишда ва фаҳш ишларида айбланади. Натижада орден
тарқатиб юборилади, ҳибсга олинган тамплиерлар эса қийноққа солиниб, сўнгра қатл
қилинади.
“Остонадан туриб нарсани олди-берди қилиш мумкин эмас”
Гап шундаки, қадим замонларда ўликлар кули уй остонаси тагига кўмилган. Шунинг учун
остонада туриб олди-берди қилиш уларнинг руҳини безовта қилиши мумкин деб ҳисобланар
эди. Айнан ана шу сабабли остонада ўтириш ҳам мумкин эмас.
Бундан ташқари остона – беҳавотир уй билан хавфли дунё ёки яна ҳам қўрқинчлиси –тириклар дунёси билан ўликлар дунёси ўртасидаги чегара ҳисобланади.
“Ярим йўлдан қайтиш мумкин эмас
Бу ирим ҳам икки дунё оралиғи ҳисобланган остона билан боғлиқ. Мақсадига эришолмасдан
ярим йўлда қайтаётган одам кучсиз ҳолда бўлади. Бу эса руҳлар безовталигига сабаб бўлади. Ёки бизнинг оламга кириб олишни истаган мавжудодлар учун имконият бўлади.
«Эшикдан чиқдингми, ортга қайтма, ишинг унмайди. Қайтсанг ҳам уйга оёқ босма, остонадан қайт ёки ойнага қара»
Азалдан остонани ички ва ташқи оламни ажратиб турадиган чегара деб билишган. Бу иримга
ана шу чегарани кетма-кет босиб ўтиш кўп куч ва қувват олади, деган фикр сабаб бўлган эмиш.
Аслида эса: қайтиб келиш учун ортиқча вақтингиз кетади, қолаверса, аввалги иштиёқингизни ҳам ёқотишингиз мумкин. Шу билан бирга, уйда ниманидир унутганингиз боис
асабийлашдингиз ҳам. Ойнага қараш эса фикрларни жамлашга ва бироз тинчланиб олишга ёрдам беради.
«Қоронғуда уй супурма, бахтсизлик бўлади»
Момоларимиз кеч тушиши билан уй ёки ҳовлини супуришни ман қилишади. Айтишларича, бу
бахтсизлик келтирармиш.
Аслида эса: авваллари ёритгич ва электр токи бўлмагани сабабли кеч тушганда бирор
қийматли нарса эрга тушган бўлса, кўрмай супуриб юбориш каби ҳолатларнинг олдини олиш
учун «кеч тушганда супуриш яхши эмас», дейилган.
«Йўлга чиқишдан аввал бироз ўтириб олиш зарур»
Мазкур иримга ишонувчиларнинг фикрича, бунга уй жини сабабчи эмиш. У хонадондаги барча
нарсаларни ўзига тегишли деб билади ва шунинг учун уйдан у-бу буюмни олиб кетишларини
истамайди. Агар уй эгаси сафарга чиқмоқчи бўлса, йўлга чиқишдан аввал бир неча сония
ўтириши лозим. Бу пайт уй жини мулойим хулқли бўдса, уй эгасига оқ фотиҳа берармиш.
Ёмон хулқли уй жини эса «ҳеч қаерга кетмайди», деб тинчланиб қолармиш. Сафарга чиқувчилар бу удумга риоя қилмаса, уларнинг йўлига турли тўғаноқлар қилишдан ҳам тап тортмас экан.
Масалан, керакли нарсаларни яшираркан, сафарга чиқувчиларни уриштириб қўяркан.
Аслида эса: сафарга чиқиш — ҳаяжонли ҳодиса. Шу сабабли йўлга чиқувчиларнинг ёдидан у-бу
нарса чиқиб қолиши мумкин. Йўга чиқишдан аввал бироз ўтириш ҳам ҳаяжонни босади, ҳам
эсдан чиққан нарсани ёдга олишга ёрдам беради.
«Туз тўкилган уйда можаро чиқади»
Музлатгич пайдо бўлгунга қадар кўпгина маҳсулотлар қишга тузланган ҳолда сақлаб қойилган.Тузни оқ олтин деб ҳисоблашган. Туз тўкилишига эса очлик хабарчиси деб қарашган.
Шунинг учун «оқ олтин»ни тўкиб юборганларни жазолашган. Тузни тўкиб қўйиш борасида «асосий қаҳрамон»лар болажонлар бўлгани сабаб ота-онадан бири туз тўккан болани уришса,
иккинчиси унинг ёнини олган. Натижада можаро келиб чиққан.
Аслида эса: тузни ёки умуман бошқа нарсани тўкиб юбориш чарчоқ ва диққат камайгани
натижаси бўлиши мумкин. Можароларга келсак, айнан жисмонан ёки руҳан чарчоқ ҳис
қилганда кўпроқ уришиш кузатилади.
«Ўнг элканг билан тур, чап томонингга туфла»
Айтишларича, чап элкамизга шайтон қўниб олган эмиш. Шунинг учун чап тарафга, яни унинг
юзига қараб туфла, шайтоннинг юзи тескари бўлсин, дейишаркан. Ўнг элкада эса кишини
ёмонликлардан муҳофаза қилувчи фаришта бўлади, деган фикр мавжуд. Унга ҳурмат
юзасидан ўнг элка билан туриш лозим, деган ирим бор.
Аслида эса: кишининг чап томони ҳиссиётларни бошқарувчи миянинг ўнг ярим шарига
бўйсунади. Шу сабабли чап томонни бошқариш бироз мушкул. Миянинг чап ярим шари эса онг
оёқ ва ўнг қўл учун жавобгар. Бу иримнинг асл сабаби кишининг хавфсизлигини таъминлаш
бўлса керак. Инсон ўрнидан чап оёги билан сакраб турса, ўнг мия чап тарафни бошқаришга
қийналиб қолиб, киши йиқилиб тушиши мумкин. Чап томонга қараб туфлаш борасида эса
бирон нима дейиш қийин.
«Синган кўзгу бахтсизлик келтиради»
Ўрта асрларда кўзгунинг тескари томонини симоб билан қоплашган. Кўзгу синганда бу
заҳарли модда сочилиб кетган ва уй эгалари бирин-кетин вафот эта бошлашган. Бу иримнинг
сабаби шунга боглиқ бўлиши мумкин.
Аслида эса: кўзгунинг синган бўлакларига қараганимизда ўз аксимизни бошқача корамиз. Бу эса ўзимиз ҳақимизда бошқача фикрга келишимизга сабаб бўлиши мумкин.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам сиз ишониб келаётган иримлар сизнинг руҳиятингизга,яқинларингиз билан алоқаларингизга таъсир этишига йўл қўйманг.
Севинч Самадова,
ЎзДЖТУ талабаси