Жорий йилнинг 14 июнь куни Тошкент вилояти Оҳангарон туманида Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси томонидан Европа Иттифоқи молиявий кўмагидаги ЎР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт Дастурининг ҳамкорлигида “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторининг “яшил иқтисодиёт”га инклюзив ўтишини қўллаб-қувватлаш ва иқлимга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновацион тизимини ривожлантириш (UAKIS)” лойиҳаси доирасида шахсий ёрдамчи хўжаликларда сигирларни тўғри парваришлаш, соғлом насл олиш, маҳсулдорликни ошириш ва етиштирилган сутни кооперация асосида қайта ишлашни ташкил этишга қаратилган амалий семинар ташкил этилди.
Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш устувор масалалардан бири сифатида қаралмоқда. Республикамизда бу борада амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, шу жумладан чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш хажмлари хам ортмоқда.
Етиштирилаётган чорвачилик маҳсулотларининг 94 фоиздан ортиғи шахсий-ёрдамчи хўжаликларига тўғри келиб, бунда сут ишлаб чиқариш алоҳида аҳамиятга эга. Оҳангарон тумани тупроқ-иқлим шароити чорвачиликка мос бўлгани, аҳолининг чорва молларини парваришлаш ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришдаги тажрибаси ва имкониятидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида бир қатор қарорлар, давлат дастурлари қабул қилиниб, туманда сут ва гўшт ишлаб чиқариш хажмлари ортиб бормоқда. Сут ишлаб чиқариш аҳоли жон бошига тиббий меёрларга нисбатан 5-6 баробар кўп ишлаб чиқарилиши туманда сутни қайта ишлаш, қўшимча қиймат занжирини яратиш ва аҳоли даромадини ошириш учун катта имконият яратмоқда.
UAKIS лойиҳасининг Миллий координатори Улуғбек Исламов:
— БМТ Тараққиёт дастури дунёнинг 177 дан ортиқ давлатида фаолият юритади ва маҳаллий даражадаги муаммоларнинг глобал ечимини тақдим этади, шу орқали давлатларнинг барқарорлигини таъминлаш, инсонларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришни вужудга келтиради. Мазкур лойиҳа орқали янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу билан бирга камбағалликни камайтиришдир. Ушбу мақсадга эришиш учун ишсизларни тадбиркорликка жалб этиш ва ўз-ўзини иш билан таъминлаш, айниқса, хотин-қизлар, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.
Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси Адиба Ахмеджонова:
— Президентимиз таъкидлаганларидек, «Бундан буён фаолиятимизни мутлақо янгича, яъни, «инсон–жамият–давлат» тамойили асосида ташкил этамиз». Дарҳақиқат халқ билан мулоқот механизмларини такомиллаштириш орқали қишлоқ аёлларининг тадбиркорлик имкониятларини кенгайтириш, ўз қадр-қимматини ошириш, оила ва жамиятдаги ролини мустаҳкамлашга эришамиз. Лойиҳа наатижасида сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турлари, қишлоқ аҳолиси даромадлари кўпаяди, туманда экологик вазият яхшиланади, бу эса туман аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлашни яхшилашга, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга, аҳоли ва қашшоқликни камайтиришга бевосита таъсир қилади. Бизнинг асосий мақсадимиз, аёлларнинг жамиятдаги ролини мустаҳкамлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва гендер тенглигини таъминлаш.
Таъкидлаш керакки, лойиҳа амалга ошириш натижасида сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва тури кўпаяди, қишлоқ аҳолиси даромадлари ошади, туманда экологик вазият яхшиланади, бу эса туман аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлашни яхшилашга, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга, қашшоқликни камайтиришга бевосита таъсир қилади.
Лойиҳанинг амалга оширилиши аёлларнинг жамиятдаги ролини мустаҳкамлайди, уларни тадбиркорликка жалб этади ва гендер тенглигини таъминлашга хизмат қилади. Маиший шароитда сут етиштиришнинг янги технологиялари, шунингдек, сут маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш соҳасида орттирилган тажриба ва кўникмалар Тошкент вилоятининг бошқа туманларига ҳам етказилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон «Аграр соҳа аёллари» уюшмаси Оҳангарон туманида қиймат занжирини яратиш мақсадида чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва қайта ишловчилар ўртасида сут тайёрлашда ҳамкорликни йўлга қўйиш, соҳада илғор замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича янги лойиҳани ишлаб чиқади.