Ўрмонда айиқни катта бир бўғма илон бўғар, белидан ўраб олиб сиқарди. Айиқ эса жон ҳолатда бақирарди. Шу пайт ўтиб кетаётган ўтинчи айиқ ҳолини кўрди ва тезлик билан қиличини чиқариб, илонни иккига бўлиб ташлади. Шундай қилиб, ўтинчи айиқни ўлимдан қутқариб қолди.
Айиқ энди ўтинчининг орқасидан қолмас, ўзига қилинган яхшиликка жавобан ўтинчи билан бўлишни, унга хизмат қилишни истарди.
Ўтинчи айиққа неча марта орқасидан юрмасликни айтса ҳам, айиқ аҳдидан воз кечмас, содиқ бир итдек уйининг эшиги олдида
уни кутарди. Буни кўрган қўни қўшни ўтинчига:
— Эй барака топгур, айиқнинг дўстлигига ишониб бўлмайди.
Аҳмоқнинг дўстлиги душманлиқдан баттардир. Ҳамжинсларинг қолиб, айиққа ишонма. Уни даф қил, кетсин… дедилар. Ўтинчи ўзича: «Мени айиқдан қизғанишяпти, менинг бақувват ёрдамчим борлигига ҳасад қилишяпти. Ҳар ҳолда, бир бирлари билан келишиб олиб айиқдан мени совутмоқчи булар», дея ўйлаб уларнинг гапларига қулоқ солмади.
Ўтинчи бир куни айиқ билан бирга ўрмонга ўтин кесишга кетди. Бироз ишлагач, ўтинчи дам олиш учун дарахт соясига ётди. Айиқ ёнида қўриқчилик қила бошлади. Бир маҳал хира пашша келиб ўтинчининг юзига қўнди. Айиқ дўстига яхшилик қилиш учун пашшани қувлади, лекин пашша ўтинчининг юзига қайта қўнди, айиқ уни яна қувлади. Пашша ҳавода бир доира чизиб учгандан сўнг яна ўтинчининг юзига қўнди. Айиқ қанча уринмасин пашша ўтинчидан асло узоқлашмасди.
Айиқнинг жахли чиқди. «Пашшани ўлдиришдан бошқа чора йўқ», деб ўйлади ва югуриб бориб каттакон бир тошни олиб, пашшани ўлдириш учун бор кучи билан ўтинчининг юзига отди. Тош ўтинчининг юзини мажақлаб юборди…
Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан.