Президент ва Вазирлар Маҳкамаси Тошкент аэропортини шаҳар ташқарисига кўчириш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Airports раҳбари Раъно Жўраева маълум қилган.
Унинг фикрича, янги учиш-қўниш йўлакларини қуришнинг имкони йўқлиги сабабли ҳаво бандаргоҳининг ҳозирги қувватлари узоғи билан 2027 йилгача етади.
«Ҳозирда Тошкентга йўловчилар оқимини кўпайтириш учун барча ишни қиляпмиз. Шу боис, жорий йил охиригача соатига 2400 йўловчига мўлжалланган терминални тез қуришга мажбурмиз. Ягона фасадли, келиш ва кетишлар бир жойда бўлган, шунинг учун биз кейтерингни бошқа жойга ўтказамиз. Албатта, буларнинг барчаси бизга узоғи билан 2027 йилгача етарли бўлади», деган у.
Унинг фикрича, аэропортнинг асосий «тор бўғзи» — учиш-қўниш йўлаклари. Айни пайтда аэропортда соатига 6-7 тагача самолётлар қўнмоқда. Прогнозларга кўра, 2025-2027 йилларда соатига 13 та ҳаво кемаси бўлади ва йўлаклар қабулни таъминлай олмай қолади.
«У ерда иккита йўлак бор, лекин деярли битта. Улар яқин жойлашган, шунинг учун бир вақтда фойдаланиб бўлмайди. Шунинг учун асосий чеклов ва «тор бўғиз» — учиш-қўниш операциялари. Яна битта йўлакни қуриш учун ер участкасини топиш имконсиз, чунки шаҳар бор», дея изоҳ берган у.
Раъно Жўраева 2035 йилгача мамлакат аэропортларини ривожлантириш стратегиясида шаҳардан 30 км узоқликда янги Тошкент аэропортини қуриш ва уни халқаро хаб сифатида ривожлантиришни таклиф қилган эди. Ҳозир бу таклиф давлат раҳбари ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан муҳокама қилинаётгани айтилган.