Украина таълим ва фан вазири ўринбосари Андрей Витренко мактаб ўқув дастуридан рус адабиёти асарларидан олиб ташлаш тўғрисидаги қарорга изоҳ берди.
Унинг сўзларига кўра, рус қалбининг азоб-уқубатларини тасвирлайдиган бундай «оғир асарлар», украиналикларга «умуман керак эмас».
«Шахсан мен бизни Россия империяси билан қандайдир тарзда боғлайдиган барча нарсаларни ташлаб юбориш керак деб ўйлайман. Рус қуролларининг мистик кучи мавжуд бўлган барча асарлар, қандайдир афсонавий, буларнинг барчасидан воз кечиш керак», дейди у.
Пушкиннинг «Евгений Онегин», Лермонтов («Замонамиз қаҳрамони»), Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо», Булгаковнинг «Уста ва Маргарита» асарлари Украинада мактаб ўқув дастуридан чиқариб ташланади. Уларнинг ўрнини Украина ва Ғарб ёзувчиларининг асарлари эгаллайди.