Фарғонада қўшнилар ўртасидаги жанжал орадан бир ой ўтиб ижтимоий тармоқларда тарқалди

Ижтимоий тармоқларда  Фарғона вилоятида фуқаролар ўртасида жанжал бўлгани, бир қанча фуқаролар икки кишини тошбўрон қилиб, аёвсиз калтаклаган ҳолати акс этган видео тарқалди. Орадан кўп вақт ўтмасдан Фарғона вилояти ИИБ расмий маълумот бериб, гўёки аҳолининг «жонига оро» кирди.

Расмий муносабатда айтилишича, жорий йилнинг 13 май куни Фарғона шаҳар А.Жомий кўчасида жойлашган 16-сонли кўп қаватли уйда яшовчи қўшнилар ўртасида, хонадонларнинг бирида ит боқиш билан боғлиқ маиший муаммолар оқибатида жанжал келиб чиққан.

Натижада, бир нечта қўшнилар бир-бирларини ҳақоратлаб, тан жароҳатлари етказиб, хонадон ойналарини синдиришган, одамларни итга талатган.

Ҳозирда жамоат тартибини бузишда қатнашган барча иштирокчиларнинг шахси аниқланган бўлиб, ҳолат юзасидан тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади ИИБ ахборот хизмати берган расмий ахборотда.

Ана холос! Воқеа содир бўлгани айтилган санага эътибор қиляпсизми: 13 май! Нима, тошбўрон қилиниб, фуқаро итга талатилган воқеа оммага ошкор бўгачгина оммага бу ҳақида маълумот берилдими?

Вилоят ИИБнинг расмий муносабатидан шуни англаш мумкинки, воқеа содир бўлганига бир ойдан кўпроқ вақт бўлганига қарамасдан ИИБ ахборот хизмати бу ҳақида оммага маълумот бермаган. Ижтимоий тармоқларда хабар тарқалиши ортидан энди улар маълумот беришга мажбур бўлишди. Шунинг билан аҳолига қуйидагилар маълум қилинди.

Маълум бўлишича жорий йилнинг 13 май куни Фарғона шаҳар А.Жомий кўчаси 16 уй 27-хонадонда яшовчи фуқаро М.А Фарғона вилояти ИИБ 102 қисқа рақамига мурожаат қилиб, унга таниш бўлган Ф. ва У. исмли фуқаролар уни урганлигини айтиб, қонуний чора кўришликни сўраган.

Терговга қадар текшириш давомида фуқаро М.А ўзнинг “Алабай” итини ушбу кўп қаватли уйнинг биринчи қавати орқа тарафига бойлаб қўйганлиги сабабли, Фарғона шаҳар Озодлик кўчаси 27-уйда яшовчи, фуқаро С.С унга эътироз билдирилганлиги учун ўртада низо келиб, жанжалга айланган ва фуқаро С.С фуқаро М.Ани сўкиб, уриб тан жароҳати етказган.

Ушбу кўп қаватли уйда яшовчи фуқаролар М.А ва С.С нинг ўртасидаги жанжални тинчлантиришга ҳаракат қилишган.

Мазкур ҳолат юзасидан  М.А га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 41 моддалари билан, фуқаро И.Рга нисбатан  ушбу кодекснинг 41-модда ва 183-моддалари билан, фуқаро С.Сга 41-моддаси ва 52-моддаси 2-қисми ҳамда 183-моддаси билан, фуқаро Ф.С га нисбатан эса 183-моддаси билан ҳужжатлар расмийлаштириб, 24.05.2022 йил куни ЖИБ Фарғона шаҳар Судига юборилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ЖИБ Фарғона шаҳар суди томонидан фуқаро М.А мурожаатига асосан ҳужжатлар ўрганиб чиқишлик учун Фарғона шаҳар прокуратурасига юборилган.