«Бу эса келажакда одамлар ва экинларга камроқ эриган сув оқиб келишини англатади»

АҚШнинг Небраска-Линкольн университети олимлари сўнгги 40 йил ичида Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида чўлланиш 100 километрга кенгайганини маълум қилди. Уларнинг тадқиқоти «Phys.org» журналида чоп этилди.

Тадқиқотчилар 1960 йилдан 2020 йилгача бўлган ҳаво ҳарорати ва ёғингарчилик маълумотларидан фойдаланиб, Марказий Осиёни 11 иқлим типига бўлган. Ўтган асрнинг охиридан бошлаб чўл иқлими деб таснифланган ҳудуд Ўзбекистон ва Қирғизистон шимолида, жанубий Қозоғистонда ва Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмидаги Жунғор ҳавзаси атрофида шарққа ва шимолга 100 километргача кенгайган.

Бундан ташқари, олимлар мазкур сезиларли кенгайиш қўшни иқлим зоналарига домино таъсирини ўтказгани ва улар ҳам қуриганини таъкидлаган. 1990 ва 2020 йиллар оралиғида баъзи ҳудудларда ўртача йиллик ҳарорат 1960 ва 1979 йиллардагига қараганда камида 5 даража иссиқроқ, ёз қуруқроқ бўлиб, асосан қишда ёғингарчилик кузатилган.

«Вақт ўтиши билан ҳароратнинг ошиши ва ёғингарчиликнинг камайиши ўсимликлар жамоаларида иссиқроқ, қуруқроқ шароитга мослашган турлар ҳукмрон бўлишига олиб келади», — дейди эколог ва тадқиқот ҳаммуаллифи Жеффри Дьюкс.

Ер ва иқлим бўйича мутахассис ва тадқиқотнинг етакчи муаллифи Ци Хунинг сўзларига кўра, ҳароратнинг ошиши ва ёғингарчиликнинг кўпайиши музнинг юқори баландликларда эришига ҳисса қўшмоқда, бу эса ушбу диапазондаги музликларнинг тезликда қисқаришига олиб келади.

Олимларнинг тушунтиришича, қор кам ёғиши Марказий Осиёда йўқолган музликларнинг ўрнини босолмайди, бу эса келажакда одамлар ва экинларга камроқ эриган сув оқиб келишини англатади.

«Тоғ-кон саноати ва қишлоқ хўжалиги каби инсон фаолияти ҳам чўлланишга ҳисса қўшади. Шунинг учун Марказий Осиёдаги ҳукуматлар барқарор қишлоқ хўжалиги ва урбанизацияга эътибор қаратиши керак», — дейди Буюк Британиянинг Оксфорд университети географи Трой Стернберг.