Ер шарида турли хил одамлар яшайди. Табиийки ҳар бирининг фикрлаши ҳар хил, ўзига хос бўлади. Кимдир воқеа-ҳодисани батафсил тушунтирса, бошқаси дарров таҳлил қилади. Бирови муаммога турли ечимларни берса, бошқаси “конкрет” жумбоқни ечади. Хуллас, фикрлаш инсоннинг битмас-туганмас тафаккур дурларидир. Прагалик яҳудий ёзувчи Франс Кафка айтганидек, инсонни фикрлашдан тўхтатиш – бемаъниликдир…
Қандай фикрлаш сизга маъқул ёки сиз қандай фикрлайсиз? Аслида қандай фикрлаш керак? “Дивергент” ва “Конвергент” фикрлаш ҳақида ҳеч эшитганмисиз? Йўқми? Ундай бўлса қизиқарли маълумот сиз учун!
Жой Пол Гилфорд — америкалик психолог ва профессор, кўплаб Америка университетларида дарс беради. Ақл-идрок тузилиши моделини яратувчиси сифатида танилган. Гилфорд хотира, фикрлаш, эътибор, ижодкорлик ва темпэрамент нуқтаи назаридан ақл бўйича тадқиқотлар билан шуғулланган. Биринчи мартта “Дивергент ва Конвергент фикрлаш” тушунчасини психологияга олим Ж. Гилфорд томонидан киритилган. Шунингдек, инсон мия фаолиятининг бу шакли муаммони ҳал қилишнинг асосий усулларини ўзгартиришга имкон беради дея уқтиради профессор.
Дивергент фикрлаш (лот. divergere — ажралиш) ижодий фикрлаш усули бўлиб, одатда муаммо ва вазифаларни ҳал қилишда қўлланилади. Бу бир хил муаммонинг кўплаб ечимларини топишдан иборат.
Конвергент фикрлаш (лот. convergere — яқинлашиш) аниқ масалани ечиш учун олдиндан ўрганилган алгоритмлардан аниқ фойдаланиш стратегиясига асосланади, яъни бу масалани ҳал қилиш учун элементар операциялар кетма-кетлиги ва мазмуни бўйича кўрсатмалар берилади.
Дивергент фикрлаш тўртта асосий хусусиятга эга: Равонлик — бир нечта ғоялар ва ечимларни тезда шакллантириш қобилияти; Ностандарт — бошқаларнинг хаёлига келмаган ғояларни шакллантириш қобилияти; Мослашувчанлик — бир вақтнинг ўзида муаммони ҳал қилишнинг турли усуллари ҳақида ўйлаш қобилияти; Мутахассислик – ғоянинг тафсилоти ҳақида фикр юритиш эмас, балки унинг тимсолини топиш қобилиятидир.
Конвергент фикрлаш кўпинча дивергент фикрлаш билан биргаликда қўлланилади. Конвергент фикрлаш тезлик, аниқлик ва мантиққа урғу беради ва асосий эътиборни маълум усулларни таниб олишга, қайта қўллашга ва сақланган маълумотларни тўплашга қаратади. Конвергент фикрлаш ҳам билим билан боғлиқ, чунки у мавжуд билимларни стандарт “процедура”лар ёрдамида “манипуляция” қилишни ўз ичига олади. Конвергент фикрлашнинг муҳим жиҳати шундаки, у ягона энг яхши жавобга олиб келади ва ноаниқлик учун жой қолдирмайди. Дивергент фикрлаш жараёни тугагандан сўнг, ғоялар ва маълумотлар конвергент фикрлашдан фойдаланган ҳолда тартибга солинади ва тузилади ҳамда қарор қабул қилиш стратегиялари қўлланилади, бу битта энг яхши ёки кўпинча тўғри жавобга олиб келади.
Энди сиз қандай фикрлашни эмас балки керак пайтда қандай фикрлаш усулидан фойдаланишингизни билиб олдингиз. Маълумот учун айтиш мумкинки, бундай фикрлаш усулларини яна Э. П. Торренс, К. Тейлор, Г. Груббер, И. Хайн, А. Б. Шнедер, Д. Рожерслар ҳам ўрганган.
Нодира Сулаймон