“Яшил йиллик” умуммиллий тадбири лойиҳасида ҳақиқатда экилмаган 6,2 млн. дона кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилгани, кўчатлар сув бўлмаган, ернинг унумдорлиги ўрганилмаган жойларда экилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган текширув тадбирида маълум бўлган.
Шунингдек, ўрганишлар давомида жорий йил бахорги мавсумнинг ҳисоботларига кўра, Республика бўйича жами 129,6 млн. дона кўчатлар экилгани, ўрганишлар натижасида тадбирнинг тўлақонли ижросига айрим ҳудудларда ҳокимликлар, мутасадди ташкилот ва идора раҳбарлари томонидан етарли эътибор қаратилмаганлиги аниқлани ҳақида ҳам айтиб ўтилган.
Жумладан:
– дарахт экиш ишларини тизимли ташкил этмасдан, суғориш ва парваришлаш учун тегишли масъуллар бириктирилмаган;
– ҳақиқатда экилмаган 6,2 млн. дона кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилган;
– 3,4 млн. дона дарахт кўчатлари суғориш тизими бўлмаган жойларга экилган;
— 2,4 млн. дона кўчатлар сувсизлик ва етарли парвариш бўлмаганлиги сабабли баҳор тугамасдан қуриб нобуд бўлган;
– ернинг табиий иқлим хусусиятларини инобатга олмаган ҳолда 341 минг дона кўчатлар яроқсиз ерларга экилган бўлиб, 65 минг донасида кўчатлар орасида белгиланган масофа сақланмаган.
Ваҳоланки, давлатимиз раҳбари томонидан кўчатларни ҳудудларнинг иқлим хусусиятларидан келиб чиқиб, тўғри ёндашган ҳолда экиш ва бу борада намунавий маҳаллаларни барпо этиш масаласи қатъий белгиланган эди.
Очиғини айтадиган бўлсак, кўчат экиш кампанияси ОАВларда кенг ёритишга киришиб кетилди, ҳокимлару вазирлар ҳаммаси қўлига кўчат ушлаб далага отланиб, кўчатни оҳиста тутганча суратларга тушишди. Бу орада қайсидир бир “тадбиркор”нинг кетмони учди. Унинг боғидан келтирилган дарахатлар икки уч бараварига қимматга сотиб олиниб экилди, бюджет маблағлари “туя” қилиб юборилди. Тўғри, аввало ҳаммаси рисоладагидек қоғозда чиройли рақамлар билан бойитилди, ваҳолангки буни Ҳисоб палатасининг текширувлари ҳам айтиб турибди.
Ўтган йили ноябрда Президент бошчилигида ўтказилган йиғилишдаёқ долзарб 40 кунлик тадбирлари ўтказилиши, очиқ жой борки “яшил дарахтга тўлиши” айтиб ўтилган эди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди. Бу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилгани ҳақида гап борганди ўшанда.
«Шунча йилларда “қоғозда” экилган дарахтларни ҳисобласа, Ўзбекистонда бўш жой қолмаслиги керак эди. Тизим, қаров бўлмагани учун экилганининг ҳам кўпи қуриб кетди. Бугунги ва келгусидаги экологик вазиятни инобатга олиб, дарахт экишни давлат сиёсати даражасига кўтараяпмиз. Шунинг учун бу умуммиллий лойиҳани пухта тайёргарлик билан, пули, эгаси, суғориш тизими билан амалга ошириш керак», – дея таъкидлаган эди Шавкат Мирзиёев.
Кўриб турибсизки, мана “юқори”дан танқид эшитавериб “пишиб” кетган раҳбарлар “мулла билганини ўқийди” қабилида иш тутган. Тўғрида, ахир улар биладику ҳайфсан олса катта мансабга кўтарилади, хато қилса битта узр билан қутилади, қўяди. Ўйлаймизки бунга исбот-далиллар келтириб ўтириш шарт эмас.
Шунингдек, йиғилишда 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинган эди ўшанда.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига ҳокимлар билан бирга, ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароитига мос кўчатларни кўпайтириш ва етказиб бериш вазифаси қўйилди. Бунинг учун, қўмита ҳузурида “Яшил ҳудуд” унитар корхонаси ва ҳар бир вилоятда унинг филиаллари ташкил этиладиган бўлган. Хўш, бугунга келиб ушбу унитар корхоналар нима қиляпти? Улар бюджетдан “ухлатилган” пулларни ҳисоблаш билан овворами?
Ўрганиш натижаларига кўра Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда тегишли вазирликларга аниқланган камчиликларни танқидий муҳокама қилиб, қайд этилган хато ва камчиликларни бартараф этиш, шу жумладан, кўчатларни парваришлашга жиддий эътибор қаратиш ва масъулларга кескин интизомий чоралар кўриш юзасидан топшириқлар берилди, дея ўзининг хабарига якун ясаган Ҳисоб палатаси.