Андижоннинг Хонобод шаҳрида хизмат вазифаси бажараётган Мажбурий ижро бюроси ходими ёниб кетишига са-ал қолди. Гап шундаки, унинг устига бензин сепиб, ёқиб юбормоқчи бўлинган.
Ogoh.uzга Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот котиби Фаррух Тошпўлатов ушбу ҳолатни тасдиқлаб, воқеа тафсилотини очиқлади.
Унга кўра, Қўрғонтепа туманлараро иқтисодий судининг ижро варақасига (11.03.2021 йил) асосан АТБ «Ўзсаноатқурилишбанк» Хонобод шаҳар филиали фойдасига қарздор МЧЖдан 459 млн. 871 минг сўм кредит қарзи ундириш, ундирувни гаров таъминоти ҳисобланган хизмат кўрсатиш бино-иншоотларига қаратиш белгиланган.
Кредит қарздорлиги берилган муҳлат давомида қопланмаган гаровдаги мулки аукцион савдоларига чиқарилган. Бино аукционда сотилмагач, банкка кўчмас мулкни қабул қилиш ҳақида таклиф берилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Бюро ходимлари бинони банк ихтиёрига топшириш ҳақида огоҳлантириш мақсадида қарздор билан учрашган пайтида қарздор МЧЖ таъсисчиси М.Ю. бюро бўлим бошлиғига бензин сепиб, ёқишга уринган.
Ижро жараёнига жалб этилган ички ишлар ходими тадбиркорнинг қўлидаги олов тутатқич (зажигалка)ни тортиб олишга муваффақ бўлиши натижсида катта кўнгилсизнинг олди олинди.
Бундан ташқари, МЧЖ раҳбари М.С. (М.Ю. нинг ўғли) ҳам банк ва Бюро ходимларини ҳақорат қилиб, қаршилик кўрсатганини қўшимча қилди Ф.Тошпўлатов.
Ҳозир ҳолат юзасидан Хонобод шаҳар прокуратураси томонидан М.Ю. ва М.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми б банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.