АҚШ Молия вазирлигининг (OFAC) Чет эл активларини назорат қилиш бошқармаси санкциялар рўйхатига Россия олтини, 70 та ташкилот ва 29 нафар россияликни қўшди. Бу ҳақда вазирлик расмий сайтида хабар берилди.
АҚШ Россия олтинини мамлакатга олиб киришни тақиқлади. Таъқиқ 28 июнгача Россиядан ташқарида бўлган олтинни ўз ичига олмайди. Бундан ташқари, Давлат департаменти 45 ташкилот ва 29 кишига нисбатан санкциялар жорий қилмоқда.
«Газпром-Медиа» бош директорининг ўринбосари Тина Канделаки ва унинг турмуш ўртоғи, «Ростех» давлат корпорациясининг махсус топшириқлар бўйича директори Василий Бровко, шунингдек, «КамАЗ» раҳбари Сергей Когогин, собиқ мудофаа вазири Анатолий Сердюков ва унинг фарзандлари шахсий чекловларга дучор бўлган.
Бундан ташқари, «Ростех», «КамАЗ», бир нечта ҳарбий қисмлар, илмий-тадқиқот институтлари, компютерлар ва электроника ишлаб чиқариш билан боғлиқ корхоналарга нисбатан ҳам санкциялар жорий этилди.