Навоий вилоятининг Зарафшон тубсизлигида Ўзбекистондаги энг йирик ўта ёпишқоқ нефть ва битум кони топилди. Мазкур конга “Янги Ўзбекистон” номи берилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги 29 июнь куни маълум қилди.
“Битумли нефть қазиб олишнинг максимал йиллик даражаси 2025 йилга бориб 1 миллион тоннани ташкил этади. Битумли нефть қазиб олиш даражасини таъминлаш учун йилига 1500 та қудуқ қазиш режалаштирилган. Кейинги 12 йилда конни ўзлаштиришга 2,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилиши тахмин қилинмоқда”,-дейилади вазирлик баёнотида.
Вазирликнинг билдиришича, мазкур лойиҳани амалга ошириш Самарқанд ва Навоий вилоятлари чегарасида 15 майдан бошланган. Бурғилаш ишлари жараёнида “алб”, “сеноман” ва “турон” даврларига оид шағалтош ва қумтош қатламлари топилган. Уларнинг барчаси нефть, қўшимча ёпишқоқ мой ва битум билан тўйинган бўлиб чиқди.
Вазирлик мазкур лойиҳага Канаданинг McDANIEL ва GenOil, АҚШнинг BYIS Manufacturing ва O‘NEILL Industries, Россиянинг Energy and Engineering ва Veraton I.T.C., ширкатлари жалб қилинганини иддао қилмоқда.
“Ҳозирда маҳсулдор қалинликларни аниқлаш ва битум ва нефть конларини аниқлаш бўйича қидирув ишлари, шунингдек, қазиб олиш усулини аниқлаш бўйича тажриба-синов ишлари олиб борилмоқда”,-дейилади баёнотда.